13:45 | 13.10.22 98

Қўқонда Kokand ethnosport challenge—2022 республика фестивали бўлиб ўтди — фото

Фестиваль Президент қарори ижроси доирасида ташкил этилган

Қўқонда 11 октябрь, сешанба куни Kokand ethnosport challenge—2022 республика фестивалига старт берилди, деб ёзади Nova24.

Фото: Nova24

Очилиш маросимида туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари Бахтиёр Иброҳимов, Қўқон ҳокими Маъруф Усмонов ва Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев сўзга чиққан.

Фото: Nova24

Фестиваль Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Фестиваль дастуридан миллий халқ ўйинлари, ҳайвонлар ва маҳсулотлар кўргазмалари, шунингдек, арқон тортиш, кураш, эркин кураш, камондан ўқ отиш спорт мусобақалари ўрин олган.

«Мамлакатимизда миллий ўйинлар, цирк санъати ривожланиб, жаҳон ҳамжамиятида кенг тарғиб қилинмоқда. Халқ ўйинларига катта эътибор бериляпти. Тадбирда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар кўргазмали чиқишлар орқали узоқ тарихга эга бўлган этноспорт ўйинлари билан танишишлари мумкин», — дейди вазир ўринбосари Бахтиёр Иброҳимов.

Фото: Nova24

Намойиш майдонларида миллий спорт турлари, этно ўйинлар ва цирк усталари ўз чиқишларини намойиш этган. Танлов ғолиблари ва иштирокчилари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Таъкидлаш керакки, этноспорт — анъанавий ўйинларнинг асллигини сақлаб қолиш ва уларни замон билан уйғунлаштириш имконини берувчи спорт тадбирлари шаклидир. Этноспорт саноат тармоқларини бевосита ривожлантириш билан бир қаторда миллий ўйинларнинг бой меросини асраб-авайлашга қаратилган, туризм ва спортни ривожлантиришнинг муқобил шаклларидан биридир. Шу билан бирга, у аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Nova24

«Сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун миллий рақсларимиз, цирк санъатимиз, спорт мусобақаларини намойиш этиш жуда муҳим, деб ўйлайман», — дейди Туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Зарина Абдуллаева.

Фото: Nova24
Фото: Nova24