Тошкентдан Қашқадарёга 9 ойда қанча одам кўчиб кетгани маълум бўлди
Тошкент шаҳридан республиканинг бошқа ҳудудларига доимий яшаш мақсадида 2022 йил январь-сентябрь ойларида жами 7741 киши кўчиб кетган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридан кўчиб кетиш 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 676 кишига (9,6 фоизга) ошган. Фуқаролар тўққиз ой давомида Тошкент шаҳридан асосан Тошкент вилоятига кўчиб кетган — 5778 нафар. Ундан кейинги ўринни Қашқадарё вилояти банд этган — 312 киши мазкур вилоятга кўчиб кетган.
Тошкент шаҳридан ҳудудларга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони:
- Тошкент вилояти — 5778 киши;
- Қашқадарё вилояти — 312 киши;
- Самарқанд вилояти — 224 киши;
- Бухоро вилояти — 195 киши;
- Сурхондарё вилояти — 178 киши;
- Хоразм вилояти — 176 киши;
- Қорақалпоғистон — 149 киши;
- Фарғона вилояти — 147 киши;
- Андижон вилояти — 132 киши;
- Жиззах вилояти — 130 киши;
- Навоий вилояти — 128 киши;
- Сирдарё вилояти — 121 киши;
- Наманган вилояти — 71 киши.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан 2022 йил январь-август ойларида Тошкент шаҳрига доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони 33 802 кишини ташкил этгани тўғрисида хабар берилганди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси 35,6 миллион кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 17,7 миллиони аёллар бўлса, эркак сони бироз кўпроқ — 17,9 миллион. Шунингдек, шаҳарда яшовчилар сони 18,1 миллион кишига етган бўлса, қишлоқда яшовчилар 17,5 миллион нафарни ташкил қилмоқда.
