Россиянинг Белгород шаҳридаги подстанцияга снаряд келиб тушди
Оқибатда шаҳарнинг бир қисми электр энергиясисиз қолган
Россиянинг Белгород шаҳридаги электр подстанциясига уюштирилган ҳужумдан кейин ёнғин чиқди. Бу ҳақда Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков маълум қилди.

«Оқибатларни максимал даражада тез бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Захира манбасига уланишга тахминан 4 соат вақт кетади. Сув таъминоти яхши ҳолатда, насослар бошқа манбалардан қувват олишга ўтди», — деб ёзади губернатор.
Кўп ўтмай у подстанциядаги ёнғин ўчирилганини маълум қилган. Ижтимоий тармоқларда подстанцияга снаряд тушгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Ҳодиса оқибатида Белгороддаги туманлардан бирининг аҳолиси электр таъминотисиз қолган. Таъкидлаш керакки, 11 октябрь куни Белгород вилояти губернатори подстанция ўққа тутилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда 2 минг киши электр энергиясисиз қолган.
Белгород вилояти уруш бошлангандан бери бир неча бор ҳужумга учраган бўлиб, охирги вақтларда улар кучайган. 14 октябрь куни вилоятида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган ва мактабларда муддатидан олдин таътиллар эълон қилинган (ўқиш 17 октябрдан бошланади).
Аввалроқ Украинанинг Николаев вилоятида кучли портлашлар содир бўлгани, Кривой Рог, Киев, Одесса ва Винница вилоятларида портлашлар юз бергани, Запорожье бир ҳафтада тўртинчи марта ўққа тутилгани тўғрисида хабар берилганди.