19:50 | 15.10.22 485

Тошкент вилоятида аёл МИБ ходимига пичоқ билан ташланди

Қарздор аёл ижро варақасини қабул қилишдан бош тортган

Тошкент вилоятида аёл Мажбурий ижро бюроси ходимига пичоқ билан ташланиб қолди. Бу ҳақда идора матбуот котиби Фарруҳ Тошпўлатовга таяниб, Nova24 хабар берди.

Фото: Nova24

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 18 август куни уч нафар қарздор Тошкент тумани Бахмал кўчасидаги 24-сонли уйдан чиқарилиши керак бўлган. 2022 йил 12 октябрь куни бюро ходими ишончли вакил билан биргаликда қарздорлар манзилига борган.

Оқибатда қарздорлар ижро варақасини қабул қилишдан бош тортган, варақада кўрсатилган фуқаролардан бири ошхона пичоғини олиб, «бундай ҳаётдан тўйганман» дея бошқаларга таҳдид қила бошлаган.

Бюронинг Тошкент тумани бўлими давлат суд ижрочиси Усмонов фуқаролар ва бошқаларнинг ҳаётига хавф туғилмаслиги учун пичоқни зарарсизлантиришга ҳаракат қилган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади.

Аввалроқ Андижонда тадбиркор МИБ ходимига бензин сепиб, ёқиб юборишга урингани, Сурхондарёда қидирувда бўлган комбайнни беришни хоҳламаган эркак МИБ ходимини ургани, Андижонда аёл кредит гаровидаги машинани яшириб, МИБ ходимини калтаклагани тўғрисида хабар берилганди.