Тошкент вилоятида ковидга қарши яроқлилик муддати ўтган дориларни сотган шахс ушланди
Тошкент вилоятининг Зангиота ва Бўка туманларида ноқонуний дори воситалари савдосига чек қўйилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, департаментнинг Зангиота тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.А. исмли шахс фуқаро И.га тегишли ҳужжатлари бўлмаган 3 турдаги 9304 қути «Азедсин 250», 7068 қути «Азедсин 500», 6000 дона «Тевартем» номли хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини жами 17,3 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Бўка тумани бўлими томонидан ҳам тезкор тадбир ўтказилган. «Г.Ш.» МЧЖ раҳбари А.С. фуқаро С.га туман марказидаги автомобиллар ювиш шохобчаси олдида яроқлилик муддати ўтган 408 дона «Ремдесивир DESREM» ҳамда 326 дона «Ремдесивир Jubi-R» номли жами 734 дона дори воситаларини 11 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ ДХХ Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган психотроп дориларни сотувчи гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани, Самарқандда ковидга қарши дориларни ноқонуний сотаётган эркак қўлга олингани, Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека» аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.