Ҳафталик дайжест. Сафарбарликка чақирув олган Ўзбекистон фуқароси, квартирасидан «ҳайдаб чиқарилган» талаба қизлар, Путинга «сакраган» Эмомали Раҳмон

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Туркиядаги шахтада содир бўлган портлаш, ўзбекистонлик дзюдочиларнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритиши, Нукусда шахмат турнири ғолибларига футболка ва «майка» берилиши-ю, наманганлик ўқитувчининг ўқувчисини калтаклагани билан эсда қолган ҳафта ҳам якунига етди. Қуйида ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан иборат дайжест билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

Дзюдо бўйича Ўзбекистонлик икки спортчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритди

10 октябрь куни Дзюдо бўйича Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Давлат Бобонов барча рақибларини енгиб, мусобақанинг мутлақ ғолибига айланди. 90 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон вакили финалда италиялик рақибини енгди. Бобоновнинг баҳсини Шавкат Мирзиёев ҳам аренадан кузатиб борди ва ғолибларни шахсан ўзи тақдирлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

11 октябрь — мусобақанинг кейинги кунида 100 килограммгача вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев ҳам терма жамоа ҳисобига олтин медаль ёздириб қўйди. Унинг ғалабаси ҳақидаги хабарни видеоселектор ўтказаётган давлат раҳбарига етказишди ва президент хушхабарни мамнуният билан қарши олди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев чемпион спортчи ва бутун Ўзбекистон хақлини ғалаба билан қутлади.

«Брусчатка — бу ‘нафас оладиган’ тош»

10 октябрь куни Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов дарахтлар остини бетонлаш ёки брусчатка бостириш каби ҳолатлар кўпайгани бўйича берилган саволга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, брусчатка — бу «нафас оладиган» тош, унинг ораси очиқ бўлгани учун сув шима олади ва дарахтларнинг илдизига жудаям фойдали. Содиқов гапининг исботи сифатида Жанубий Кореяга бориб келганини ва Лондонда ҳам бу кенг жорий қилинганини келтирган. Шунингдек, у Лондондаги дарахтларнинг 90 фоизи чинорлар экани, уларнинг таги 100 фоиз асфальт қилинганини таъкидлаган.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Москвадаги Ўзбекистон фуқаросига сафарбарликка чақирув қоғози келди

12 октябрь куни Россиянинг Москва шаҳрида истиқомат қиладиган Сирож Набиев исмли Ўзбекистон фуқаросига «махсус операция»га чақирув қоғози келди. Таъкидланишича, унда Россия фуқаролиги ҳам, Москвада яшаш учун гувоҳномаси ҳам бўлмаган. Набиев ҳолат бўйича Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган.

Тошкентда ижарада турган талаба қизларнинг квартирадан «ҳайдаб чиқарилгани»га муносабат билдирилди

12 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Тошкентда ижрада турган талаба қизлари хонадон эгаси томонидан чиқариб юборилгани тасвирланган видеоларга муносабат билдирилди. Таъкидланишича, 10 октябрь санасига ўтар кечаси Халқаро ва аудиовизуал журналистика факультетининг Телерадио журналистика йўналиши 1-босқич талабаси 26 ёшли Ҳ.Ж. ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ижара уйларнинг нархи кўтарилиши юзасидан саҳналаштирилган видео юклаган. Видео ярим соат ўтиб ўчириб ташланганига қарамай, унга турли Telegram каналларда кескин тус берилиб, видеолавҳа нотўғри талқин қилинган.

Кадр: Telegram

Самарқандда Lacetti ЙТҲга учраши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

13 октябрь куни Самарқанд шаҳри Зарафшон маҳалласида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Қайд этилишича, 13 октябрь куни соат 19:00 да М-37А айланма автомобиль йўлининг 37-километрида фуқаро 30 ёшли Ж.Муротов бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашинасида Тошкент—Бухоро йўналиши бўйича ҳаракатланаётиб, автомашина бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишларини ажратиб турган металл тўсиққа тўқнашган.

Фото: «Bugun.uz»

Оқибатда ҳайдовчи Ж.Муротов, йўловчилар 25 ёшли Ё.Умаров, 41 ёшли Р.Эргашева, 44 ёшли А.Усмонова ва 34 ёшли М.Ғойибова тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

Нукусда ўтказилган шахмат турнири ғолибларига футболка ва «майка» берилди

14 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Нукусда ўтказилган шахмат турнири ғолибларига футболка ва «майка» берилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ёшлар ишлари агентлиги директори ва шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев эса ҳолат бўйича ўрганиш олиб бориб, ушбу мусобақа «Ёшлик» спорт жамияти томонидан ташкил қилинганини айтган. «Муносиб тақдирлашади, етказдим»,— деган Саъдуллаев.

Фото: Instagram

Наманганда ўқитувчи ўқувчисини калтаклади

15 октябрь куни Наманганда география фани ўқитувчиси 11 ёшли ўқувчини калтаклагани акс этган видеолар тарқалди. Қайд этилишича, ушбу ҳолат ўша куннинг ўзида туман ИИБ томонидан назоратга олинган. Терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра, Давлатобод тумани ХТБга қарашли 58-сонли мактабнинг география фани ўқитувчиси Э.М. 13 октябрь куни соат 16:10 ларда ўзи синф рахбарлик қилаётган ушбу мактабнинг 5-«в» синфига кирган. У мазкур синф ўқувчиси бўлган 11 ёшли Х.М.нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.

Кадр: Telegram

Ҳолат бўйича ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Якунига етган ҳафтада дунёда нималар содир бўлди?

Истанбулдаги портлашда уч киши ҳалок бўлди

9 октябрь куни Истанбулдаги турар жой биносида содир бўлган портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, портлаш газ сизиб чиқишидан содир бўлган. Ҳодиса оқибатида ўзбекистонлик 10 ёшли қиз ва унинг 68 ёшли бобоси ҳалок бўлган. Яна бир киши шифохонага ётқизилган.

Фото: «РИА Новости»

Эмомали Раҳмон Қозоғистондаги саммитда «портлади»

14 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Путиндан Марказий Осиё мамлакатларига собиқ СССР давридагидек муомала қилмасликни сўради.

«Биз 100-200 миллион киши эмасмиз. Аммо бизни ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз. Биз қаерда хато қилдик? Бирор жойда лойиқича саломалашмадик? Биз ҳар доим асосий стратегик ҳамкоримиз манфаатларини ҳурмат қилганмиз. Биз ҳурматга сазовор бўлишни хоҳлаймиз. Биз қандайдир бегонамизми? Бизга кўп пул сарфлашнинг ҳожати йўқ. Владимир Владимирович, мен сиздан Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Совет Иттифоқи каби сиёсат юритмаслигингизни сўрайман», — деди Эмомали Раҳмон ҳиссиётларга тўлиб.

Туркияда кўмир шахтаси портлаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлди

14 октябрь куни Туркиядаги шахта портлаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлди.

Туркияниниг Бартин вилояти Амасра шаҳридаги кўмир шахтасида 14 октябрь куни портлаш юз берди. Маълум қилинишича, портлаш содир бўлган вақтда конда 110 киши ишлаётган бўлган. Ҳозиргача қурбон бўлганлар сони 40 кишига етган. Кончииардан 58 нафари қутқариб олинган, яна бир кишининг тақдири эса номаълумлигича қолаётгани хабар қилинган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўгон 15 октябрдаги барча тадбирларни бекор қилган ва воқеа жойига келиш ниятида.

Фото: AFP

Президент Шавкат Мирзиёев эса портлаш муносабати билан Туркия раҳбарига ҳамдардлик билдирган.

Ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 5–8 декабрь кунлари ҳаво 20 даражагача совийди
Янгиликлар17:10 | 4.12.22
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 5–8 декабрь кунлари ҳаво 20 даражагача совийди
Самарқандда ўқувчининг онаси мактаб директори ўринбосарини калтаклади
Янгиликлар16:08 | 4.12.22
Самарқандда ўқувчининг онаси мактаб директори ўринбосарини калтаклади
Тошкентда Nexia-3 билан тўқнашган Lacetti олти нафар пиёдани ҳам уриб юборди
Янгиликлар14:49 | 4.12.22
Тошкентда Nexia-3 билан тўқнашган Lacetti олти нафар пиёдани ҳам уриб юборди
Андижонда банк бошқарувчиси 230 млн сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда
Янгиликлар13:47 | 4.12.22
Андижонда банк бошқарувчиси 230 млн сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда
Тадбиркорни сўккан Янги Наманган ҳокимига ҳайфсан берилди
Янгиликлар12:41 | 4.12.22
Тадбиркорни сўккан Янги Наманган ҳокимига ҳайфсан берилди
Қозоғистонда гиёҳванд моддаларни сотиш ва сақлашда гумонланган ўзбекистонлик ушланди — фото
Янгиликлар11:30 | 4.12.22
Қозоғистонда гиёҳванд моддаларни сотиш ва сақлашда гумонланган ўзбекистонлик ушланди — фото