Ўзбекистонда 9 ойда тез ёрдамга 4,5 мингга яқин ёлғон чақириқлар келиб тушган
Ўзбекистонда тез ёрдам хизмати фаолиятида ёлғон ва асоссиз чақириқлар сони анчагина камайди. Бу ҳақда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Йўлдошев маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4452 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Мазкур кўрсаткич 2021 йилнинг айни шу даври билан таққосланса, асоссиз мурожаатлар сони икки баробарга камайган. Яъни 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида бундай чақириқлар сони 8027 тани ташкил этган.
Шу билан бирга, таъкидланишича, айрим ҳудудларда ҳамон ёлғон мурожаатлар сони юқорилигича қолмоқда.
Қайд этилишича, ўтган 9 ой давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, мазкур рақам 1208 тани ташкил этган. Кейинги ўринда 590 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 587 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Аввалроқ Ўзбекистонда тез ёрдам бригадаларини беморгача масофанинг яқинлигига қараб йўналтириш йўлга қўйилиши маълум қилинганди. Шунингдек, ушбу тизимдаги энг катта муаммо нима экани айтилган.