Қамчиқ довонида Isuzu юк машинаси жарликка тушиб кетди
Ҳайдовчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган
Қамчиқ довонида жарликка тушиб кетган Isuzu юк машинаси чиқариб олинди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 16 октябрь куни соат 21:09 да «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси навбатчи-диспетчерига Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 223-километрида Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланган Isuzu русумли юк автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги темир тўсиққа урилгани сабабли йўлнинг қарама-қарши йўналиши орқали пастки жарликка тушиб кетган.
Воқеа жойига қутқарувчилар зудлик билан етиб бориб, жарликка тушган юк машинасини махсус техникалар ёрдамида чиқариб олган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган Isuzu ҳайдовчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Ангрен марказий шифохонасига юборилган.
Аввалроқ Қамчиқда иккита Isuzu билан тўқнашган Volvo ағдарилиб кетгани, Қамчиқ довонида юк автомобили ёниб кетгани, Қамчиқда бир нечта машиналар иштирокидаги йирик ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлгани, Қамчиқда Nexia тўхтаб турган Isuzu’га урилгани тўғрисида хабар берилганди.