«Лойиҳани 50 йил олдин тўғриламасак, шаҳар архитектураси ҳам, иқтисодиёти ҳам, экологияси ҳам бўлмайди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 18 октябр куни «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонасига бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент шаҳрининг ҳудуди 43 минг гектар, аҳоли сони 3 миллионга яқинлашган. Инфратузилма тармоқларига юклама ортган. Транспортлар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Тошкент – азим пойтахтимиз, мамлакатимизнинг энг катта шаҳри. Беш йилда инвестицияга, тадбиркорларга шароит яратдик, янги уйлар, замонавий иншоотлар қурилди. Бу ҳам керак. Энди келажакни ўйлаб, стратегияни аниқ белгилаб олмасак, ўн йилдан кейин шаҳарда яшаш қийин бўлиб кетади. Қўшимча босимни инфратузилма кўтармайди. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Халқ учун яратилиши керак бўлган қулайликларни ҳисобга олиб, лойиҳани 50 йил олдин тўғри қилмасак, шаҳарнинг архитектураси ҳам, иқтисодиёти ҳам, экологияси ҳам бўмайди», — деган Президент.

Давлат раҳбари масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйганди. Хусусан, ўтган йили «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимида ҳамда тошкентлик сайловчилар билан учрашувда бу борада концепция тайёрланаётгани айтилганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, пойтахт келажаги билан боғлиқ бўлгани учун бу масалага жиддий ва пухта ёндашилган. «ТошкентбошпланЛИТИ» корхонасида чет эллик ва маҳаллий лойиҳачилар икки йил давомида ишлаган. Аҳолининг ўсиши, транспорт ва муҳандислик тармоқлари, иқлим ўзгаришлари таҳлил қилиниб, шу асосида транспорт тугунлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган.

Кўзда тутилаётган ишлардан бири шуки, Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, «Park and ride» тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.

Яна бир муҳим чора – биноларга ижтимоий талаблар белгилаш. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси «Янги Тошкент» консепсияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.

Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.

Глобал исиш кузатилаётган бугунги дунёда яшиллик жуда муҳим. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар мавжуд. Президент илгари сурган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасидан келиб чиқиб, Бош режа лойиҳасида бунга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, катта ҳалқа йўли атрофида «яшил камар» яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман, пойтахтда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратегиямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур», — деган Шавкат Мирзиёев.

Ушбу улкан лойиҳага ёш мутахассисларни жалб этиб, тажрибасини шакллантириш, туман ва шаҳарлар архитектурасини мутаносиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Шу боис Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Наманган каби бошқа шаҳарларимизда ҳам лойиҳалаштириш марказлари очиш бўйича кўрсатма берилган.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини реконструкция қилиш, Сурхондарё вилояти Денов тумани марказининг архитектура қиёфасини замонавийлаштириш лойиҳалари ҳам тақдимот қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 17 октябрь, душанба куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишганди. Тақдимотда мазкур йирик лойиҳанинг ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилган. Мутасаддилар бу борада хорижий компанияларнинг таклифлари, қурилиш материаллари ва спорт жиҳозларини етказиб бериш жадваллари ҳақида ахборот берган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев кимё саноатида режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, ислоҳотлар натижасида кимё саноатида маҳсулот тури кўпайиб, рентабеллик ошган. 2022 йилнинг 8 ойида 1 миллион тоннадан зиёд минерал ўғит ишлаб чиқарилган. Экспорт қарийб 2 баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етгани маълум қилинган.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Янгиликлар17:14 | 8.12.22
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
Янгиликлар16:44 | 8.12.22
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Янгиликлар16:25 | 8.12.22
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Янгиликлар16:06 | 8.12.22
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Янгиликлар15:53 | 8.12.22
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди
Янгиликлар15:31 | 8.12.22
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди