21:37 | 18.10.22 321

Навоийдаги касалхона деразасидан ўзини ташлаган эркак яқинлари билан жанжаллашгани аниқланди

Прокуратура ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни очиқлади

Навоийда эркак марказий поликлиника биносининг 3-қаватидан ўзини ташлаб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Навбаҳор тумани «Ромитан» маҳалласида яшаган 54 ёшли С.С. мастлик ҳолатида йиқилиб тушиши натижасида бош айланиши ва тили орқага кетиши шикояти билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалининг нейрохирургия бўлимига даволаниш учун ётқизилган.

18 октябрь куни С.С. ўзи ётиб даволаниб келаётган бўлимнинг палатасининг деразасидан ўзини пастга ташлаган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертиза текширувидан ўтказилган.

Ўрганишда марҳум ичкиликка ружу қўйганлиги сабабли яқин қариндошлари билан ўзаро келишмовчилиги мавжудлиги аниқланган.

Ҳозирда Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда талаба қиз ётоқхонанинг 9-қаватидан ўзини ташлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қаршида 23 ёшли йигит 4-қаватдан йиқилиб вафот этгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир: Навоийда 3-қаватдан ўзини ташлаган эркак ҳақида ССВ қўшимча маълумот берди.