Бухорода газ портлаши оқибатида саккиз ёшли бола вафот этгани юзасидан қўшимча маълумот берилди
Портлашга газ тўпланиб қолган уйда электр чироғи ёқилиши сабаб бўлган.
Бухоро вилоятида газ портлаши оқибатида иккинчи синф ўқувчиси вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, 16 октябрь куни соат 20.30 ларда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Қуйи хўжалар қишлоғида яшовчи Н.Р. исмли фуқаронинг уйида ёнғин содир бўлган.
Суриштирув ишлари давомида ушбу хонадон ошхонасидаги газ плитасидан табиий газ сизиб чиқиши ҳамда қаровсиз қолдирилган саккиз ва тўрт ёшли икки нафар вояга етмаган фарзандлар томонидан электр чироғининг ёқилиши натижасида портлаш содир бўлганлиги аниқланган.
Натижада, вояга етмаган ака-сингил Ж.С. ва Ш.С. лар тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай Ж.С. шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, Қоракўл туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинган.
Аввалроқ Сурхондарёда ҳам газ баллонидан газ сизиб чиқиши оқибатида портлаш содир бўлганди.