ФВВ ёғингарчилик сабаб ҳайдовчиларни огоҳлантирди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғиши оқибатида йўлларда сув тўпланиши ва қатнов қисимларига оқиб чиқиш ҳолатлари кузатилаётганидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, жойларда юзага келган вазиятларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар, куз-қиш мавсумининг қорли ва ёмғирли кунлари бошланганлиги сабабли хавфсизлик қоидаларига риоя қилинг, айниқса, ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёт бўлишларини сўраб қоламиз», дейилади мурожаатда.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда Самарқанднинг Булунғур туманида ёмғир ёғиши оқибатида сув тошқини юзага келгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 19 октябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинган, шунингдек, Тошкентда ҳаво сифати сезиларли даражада яхшилангани айтилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор ёғди — видео