Ўзбекистон ва БМТ терроризмга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиради
Тожикистон ҳукумати ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси таклифига биноан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация «Терроризмга қарши курашиш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Конференция доирасида 18-октябрь куни БМТ бош котиби ўринбосари — БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашув бўлиб ўтган.
Учрашувда Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан, БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Учрашув якунлари бўйича 2022 йилнинг март ойида Тошкент бўлиб ўтган халқаро конференция давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни ўз ичига олган ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи «Йўл харитаси» имзоланган.
«Йўл харитаси» юқори даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш, Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш, ватанга қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилишда маҳаллалардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳузурида ушбу масала бўйича минтақавий экспертлар кенгаши таъсис этиш ва бошқа тадбирларни кўзда тутади.
Хусусан, жамиятнинг барча қатламлари иштирокида бағрикенглик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида 2023 йили БМТ шафелигида Ўзбекистонда «Маърифат ва диний бағрикенглик» мавзусида юқори даражадаги конференция ўтказилиши режалаштирилган.
Аввалроқ ШҲТ доирасида кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратилиши тўғрисида хабар берилганди.