Қашқадарёда беморнинг ўғли 57 ёшли шифокорни калтаклади
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида беморнинг ўғли шифокорга қўл кўтарди, деб хабар беради вилоят ССБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 14 октябрь куни Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасига 57 ёшли Д.О. гипертония ташхиси билан олиб келинган. Соат 21:00 лар атрофида даво муолажалари давом этаётган пайтда жараёнга ҳалақит берган беморнинг 25 ёшлар атрофидаги ўғли ва шифокор Т.Ҳ. ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Оқибатда беморнинг ўғли 57 ёшли шифокорга мушт кўтарган.
Т.Ҳ. калла ва бош мия шикастланиши, бош мия чайқалиши, бурун суягининг очиқ синиши, бурун асоси эзилиб, йиртилган жароҳати, юқори жағ ўнгдан қозиқ тишнинг травматик синиши, иккала қовоқ-бурун асоси гематомалари ташхиси билан травматология бўлимига ётқизилган.
Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.
Аввалроқ Тошкентда тез ёрдам ходимларини калтаклаган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Шунингдек, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтаклангани маълум қилинган. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.