Самарқандда учта янги меҳмонхона очилди
Самарқанд шаҳрида 18 октябрь куни учта меҳмонхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу ўз навбатида Самарқанд кунига муносиб совға бўлган. Zarafshon Parkside, Shohjahon Palace, Continental hotel Samarkand меҳмонхоналарининг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этган.

Ушбу меҳмонхоналарнинг ҳар бири ўзига хос дизайн ва хизматларда алоҳида ёндашувга эга. Масалан, «Continental hotel Samarkand» меҳмонхонаси ўз ташриф буюрувчиларига қишки боғ, фин ва турк сауналари, бассейн, банкет ва конференция заллари, шунингдек, меҳмонхона томида жойлашган лоунге барни таклиф этади. Меҳмонхона 150 кишига мўлжалланган бўлиб, 30 та иш ўрни яратилган.

Шунингдек, «Zarafshon Parkside» меҳмонхонаси эса бир вақтнинг ўзида 110 нафар туристни қабул қила олади. Шунингдек, меҳмонхонада 170 кишига мўлжалланган иккита банкет зали ва 150 кишига мослашган конференц-зал мавжуд. Меҳмонхонада 25 та иш ўрни мавжуд. Ушбу меҳмонхона мажмуасида қурилиш ишларининг иккинчи босқичи якунлангач, меҳмонлар мавзули боғ, ёпиқ ва очиқ бассейнлар, спорт зали, қўшимча иккита банкет заллари ва 65 хонага эга бўлади.

Уч қаватдан иборат «Shohjahon Palace» меҳмонхонаси эса 64 та ўринга мўлжалланган. Меҳмонхонада 15 та иш ўрни ажратилган.

