Сурхондарёда кучли шамол ҳокимлик биносининг том қисмини учириб юборди
Сурхондарё вилоятида 19 октябрь куни кучли шамол Бойсун тумани ҳокимлиги биносининг том қисмини учириб юборди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 19 октябрь куни Бойсун туманида бошланган кучли шамол 23 та маҳалладаги электр симларида қисқа туташувларни юзага келтириб, истеъмолчиларни электр энергиясидан узиб қўйган. Алоқа симларида ҳам узилишлар содир бўлган. Иккита трансформаторда носозлик руй берган.
Шунингдек, кечга яқин туман ҳокимлиги биносининг том қисмини қулатган. Мутахассислар ҳодиса содир бўлиши олдидан шамол тезлиги янада кучайганини айтмоқда.
Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, кутилмаганда юз берган табиий офатдан теварак-атрофдаги транспорт воситалари ва йўловчилар жабрланмаган.
Айни пайтда ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, зарур чоралар кўрилаётгани маълум қилинган.
Аввалроқ Қашқадарёда кучли шамол электр узатиш тармоқларига жиддий зарар етказганди. Шунингдек, Жиззахда кучли шамол дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлаганди.