Андижонда масжид ёниб кеди
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги «Обиджон Ботиров» жомеь масжидида ёнғин содир бўлди. Бу бўйича вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий ахборот берди.
Маълум қилинишича, Марҳамат туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 20-Ёнғин қутқарув қисмига 2022 йилнинг 19 октябрь куни соат 13:59 да Марҳамат тумани «Гар-гар» МФЙ Малҳам кўчаси 1-уйда жойлашган «Обиджон Ботиров» жомеъ масжидида ёнғин содир бўлганлиги бўйича хабар келиб тушган.
Марҳамат тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 20-ЁҚҚнинг 1-2-жанговар бўлинмаси соат 14:06 да воқеа жойига етиб борганида масжиднинг алангаланаётганини кўришган ва ёнғиндаги вазиятни ўрганиб, ёнғиннинг майдонидан келиб чиққан ҳолда Асака тумани ФВБ ва Булоқбоши тумани ФВБларидан қўшимча ёрдам чақирилган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан ёнғинни ўчиришга киришишган.
Соат 14:09 да ёнғин ўраб олиниб, соат 14:35 да бутунлай бартараф этилган. Ёнғинга 5 та Ёнғин қутқарув экипажлари жалб этилган.
Шунингдек, ёнғин оқибатида куйган ва тан жароҳати олганлар йўқлиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳридаги «Жаҳон бозори»да ёнғин келиб чиқиб, 10 та қутқарув экипажи уни ўчиришга жалб қилинганди.