Бугун оқшоми. Ўқувчи қизни калтаклаган директор, 5 йилга қамалган 18 ёшли қиз, истеъфога чиқишини айтган Буюк Британия бош вазири

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Фарғонадаги туғруқхонада 33 ёшли аёл вафот этди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғруқхонага олиб борилган 33 ёшли аёл вафот этди. Маълум қилинишича, аёл туғруқхонага соат 8:30 ларда шошилинч олиб келинган. 15:00 атрофида эса оила аъзоларига уни операция қилиб, бачадонини олиб ташлаш зарурлигини, ҳомиласи ҳам нобуд бўлганини билдиришган. Операциядан сўнг аёлни бошқа ерга кўчиришга рухсат беришмаган. Аёлнинг ўлимидан сўнг Туман перинатал маркази бўлими мудири беморга қараган шифокорларга интизомий чора кўрган.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, марҳума биринчи қиз фарзандидан сўнг саккиз йил ўтиб яна бир фарзандни дунёга келтирмоқчи бўлган.

Навоийда мактаб директори ўқувчини уриб, ҳушидан кетказгани айтилмоқда

Ўзбекистон мактабларида яна можаро: Навоий шаҳридаги 11-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослашган мактаби директори мактабнинг 10-синфида ўқийдиган қизни калтаклагани айтилмоқда. Оқибатда қиз ҳушидан кетган. Маълумот учун, ушбу воқеа бу ҳафтадаги биринчиси эмас. Аввалроқ, Самарқандда мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборганди.

Шунингдек, аввалроқ Намангандаги мактаблардан бирида география ўқитувчиси 5-синф ўқувчсини калтаклаганди. Намангандаги бошқа бир мактабда эса аксинча, ўқувчи ўқитувчисига мушт туширган.

Бухорода аёл ўқотар қуролдан яраланди

Бухоро вилояти Олот туманида аёл ўқотар қурол бехосдан отилиб кетиши оқибатида жароҳатланди.

Фото: «Podpricelom.com»

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 19 октябрь куни тахминан соат 09:30 ларда Олот тумани Давлатбой маҳалласида яшовчи фуқаро турмуш ўртоғи билан Бухоро шаҳрига бориш мақсадида қўшниси бошқарувида бўлган Nexia-3’нинг орқа ўриндиғига ўтираётган вақтида автомашина эгаси томонидан орқа ўриндиқда қолдирилган ўз номига расмийлаштирилган «TOZ-20» русумли 20 калибрли ўқотар ов қуроли ўз-ўзидан отилиб кетиб, аёл иккала оёқларининг болдир суяклари очиқ майдаланиб синишига сабаб бўлган.

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга жўнаб кетди

Президент Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳаммедовнинг таклифига кўра Туркманистонга жўнаб кетди. Учрашувлар давомида Ашхобод шаҳрида «Тошкент» боғининг очилиш маросими ва «Хоразм—Тошҳовуз» чегараолди савдо марказининг қурилишининг бошланиши ҳам режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентда 18 ёшли қиз 5 йилга қамалди

Ижтимоий тармоқларда 18 ёшли қизнинг 5 йилга озодликдан маҳрум қилиниши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳрида яшовчи 2004 йилда туғилган қиз Жиноят кодексининг турли моддаларига асосан «террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш», «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш», «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш» каби айблар билан 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Фото: «Bugun.uz»

2022 йилининг 18 октябрида эса 18 августдаги ҳукм ўзгартирилиб, 4 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг айбловидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди чиқарилиб, 59-модда билан тайинланган жазо бекор қилинган. Унга Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилиб, мазкур кодекснинг 155-2-моддаси 1-қисми билан, 57-моддасини қўллаб, 4 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 2022 йил 9 апрелдан 13 июнга қадар қамоқда сақланган ҳар бир кунини озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисобланган. Қамоқда сақланган 2 ой 4 кунни жазо муддатидан чегириб, унга узил-кесил ўташ учун 4 йил 11 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

Ушбу суд жараёни бўйича ижтимоий тармоқда, хусусан Twitter’да қизғин баҳслар тўхтамаяпти.

Вазиятга депутат Расул Кушербаев ҳам муносабат билдирган. У 18 октябрь куни Twitter’даги саҳифасида «Бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 18 ёшли қизни 4 йил-у уч ойга озодликдан маҳрум этди. Қиз 17 ёшида интернетда тақиқланган видео кўриб, бировга Telegram’дан нарса юборибди. Қиз бу йил ОТМга ўқишга кирган экан. Ҳатто прокурор енгиллик сўради. Суд эса энди 18 га келган қизни синдирди», дея твит қолдирган.

Ушбу твит остида қолдирилган изоҳларда блогер Азиза Қурбонованинг «Расул, кафилликчи? Ёшлар агентлигида шундай ваколат борку, иши шунга тушмайдими?» дея берган саволига Расул Кушербаев

«Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши, маҳалла, мен ҳам кафиллик бердик, лекин барибир инобатга олишмади. Суд залидан кўзимда ёш билан чиқиб кетдим», деб жавоб берган.

Дунёда нима гап?

Буюк Британия бош вазири истеъфога чиққанини эълон қилди.

Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс 45 кунлик бошқарувдан сўнг истеъфога чиққанини эълон қилди. Кўпчилик томонидан Трасс хоним мамлакат тарихидаги энг омадсиз раҳбар деб аталмоқда. Шунингдек, энг кам ҳокимиятда тургани ҳам. Унинг истеъфосига иқтисодий сиёсатда муваффақиятсиз ҳаракатлари сабаб бўлди. Лиз Трасснинг таъкидлашича, у консерваторлар партиясининг янги раҳбари тайинлангунга қадар бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида қолади.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Медиа, Янгиликлар13:53 | 27.11.22
Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Медиа, Янгиликлар12:54 | 27.11.22
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди