Ўзбекистонда Хитой компанияси тўлиқ циклда электромобиль ишлаб чиқара бошлайди

Ўзбекистонда Хитойнинг BYD Auto компанияси тўлиқ циклда электромобил ишлаб чиқара бошлайди. Бу бўйича «Ўзавтосаноат» ва Хитой компанияси ўртасида махсус келишув имзоланди.

Электромобилларнинг юриш харажати оддий автомобилга нисбатан 10 баравар, табиатга зарари эса 3 баравар кам. Ривожланган мамлакатларда бундай транспортлардан фойдаланиш кўпаймоқда. Албатта, бунинг учун катта инфратузилма керак.

Масалан, дунёда ҳар 20 та электромобилга битта қувватлаш станцияси тўғри келади. Ўзбекистонда эса бундай жойлар атиги 50 та бўлиб, асосан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Электромобилларга хизмат кўрсатиш марказлари умуман йўқ.

Шунинг учун ҳам, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам мақсадлар белгиланган.

Жумладан:

  • қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш чораларини кўриш;
  • электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт. соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт. соатга етказиш;
  • Ўзбекистон энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашини таъминлаш;
  • уй-жой-коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этиш.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишганди.

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти вакиллари томонидан бу борада хорижий компаниялар билан электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришни қамраб олувчи электромобил тармоғини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани айтиб ўтилганди.

Бунда асосий эътибор электромбилларнинг нархини арзонлаштиришга ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга қаратилгани эътиборга молик. Мисол учун, электромобил таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳудудларидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол мамлакатда ишлаб чиқариш мумкин. Шунингдек, маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланган.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида 20 та электробус ҳаракатланмоқда. 2023 йилда пойтахтимизга яна 200 та, Самарқандга 100 та электробус олиб келиш режалаштирилган. Бундай транспортларни бошқа шаҳарларда ҳам йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган.

Тақдимот давомида электромобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган. Келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этиш вазифаси қўйилган. Бу станцияларга ҳам ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.

Бу тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Турин политехника университетида электромобиллар бўйича илмий лаборатория ташкил этилиши, профессор-ўқитувчи ва мутахассислар Хитой, Германия, АҚШ, Корея каби давлатларга малака оширишга юборилиши ташкиллаштирилади.

Бу борада «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси Ўзбекистонда автомобилларини тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олган. Келгусида двигателлар, электромоторлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш режалаштирилгани ҳам бу борадаги йирик қадамлардан ҳисобланади.

Ўзбекистонда BYD Auto автомобилларининг тўлиқ цикли (CKD: штамплаш, пайвандлаш, бўяш, йиғиш) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича битим имзоланган. Бундан ташқари, келишув шартлари маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурини ўз ичига олади – кейинги босқичларда двигателлар, электродвигателлар, шунингдек, автомобиль, аккумуляторлари учун батареялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташкил этилади.

2022 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш дастурини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда BYD автомобилларининг «Синов савдоси» доирасида бозорни ўрганиш дастури ишга туширилади.

Ушбу босқични амалга ошириш учун BYD Auto маҳаллий бозор учун автомобилларини, шу жумладан, ахборий-кўнгилочар тизим тилини (рус, ўзбек) мослаштиради. Бундан ташқари, 2022 йил бошида Жануби Кореянинг Songuo Mobility Innovation CO, LTD. компанияси билан ҳамкорликда электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа амалга оширилиши бошлаб юборилган. 1 млрд 210 млн долларга тенг бўлган лойиҳа йилига 30 минг дона электромобиль ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилган.

Фарғона шаҳрида умумий қиймати 50 миллион долларлик Ўзбек-хитой қўшма корхонасининг Фарғона механика заводи ҳудудида жойлашган Central Asia Motors корхонасида 3 хилдаги, Е200 – кичик SUV, Е400 – фургон ва Е500 – йўлтанламас кўринишидаги автомобиль электромобилларнинг ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланган.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда ушбу автомобиллар кузови, аккумулятори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, қувватлаш станциялари ҳам қурилади.

Электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш орқали сифатли, нисбатан арзон ва фойдаланишда кам харажатли атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқармайдиган автомобилларни ишлаб чиқариш, арзон ва қулай тўлов шартларида харидорлар эҳтиёжини қондириш, маҳаллийлаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали юқори маош тўланадиган кўплаб иш ўринлари яратилади.

Муҳсинжон Холмуҳаммедов,

иқтисодиёт фанлари номзоди

Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Мақолалар21:00 | 30.11.22
Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Пеле касалхонага ётқизилди
Спорт20:38 | 30.11.22
Пеле касалхонага ётқизилди
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
Янгиликлар20:11 | 30.11.22
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Янгиликлар19:20 | 30.11.22
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Янгиликлар18:54 | 30.11.22
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Нукус воқеалари иштирокчилари қийноққа солинганми?
Янгиликлар18:37 | 30.11.22
Нукус воқеалари иштирокчилари қийноққа солинганми?