Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами муносабати билан қутлаб, табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Муҳтарам ватандошлар!  

Аввало, Сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир.

Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: “Эрдам боши тилдур”, яъни “Барча эзгуликлар тилдан бошланур”, деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.

Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.

Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: “Тилга эътибор – элга эътибор”, деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган  давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Хусусан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас, тарихий воқеага айланди. Давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, яқинда қабул қилинган тегишли қонунларга асосан реклама ва тарғибот материалларини давлат тилида эълон қилиш тартиблари ҳамда давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда ўзбек тилини билиш даражаси бўйича аниқ талаблар белгиланганини таъкидлаш лозим.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг фаолияти йўлга қўйилди. Марказда ва жойларда давлат тилини ўргатиш курслари иш олиб бормоқда.

Қисқа вақт ичида беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, ўндан ортиқ соҳага оид атамалар луғатлари, ўттиз жилдлик “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси яратилди.

Шу кунларда она тилимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқаётгани, фаол ва истеъдодли ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан интернет тармоғидаги ўзбекча маълумотлар электрон базаси бойитиб борилаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, чет эллик китобхонларнинг ҳам эътиборини қозонмоқда. Истеъдодли олим ва ижодкорларимиз қаламига мансуб илмий ва бадиий асарлар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда.

Хорижий давлатлар ўқувчилари ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилгани ҳам она тилимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашмоқда. Кўплаб мамлакатларда бу гўзал ва жозибали тил катта иштиёқ билан ўрганилмоқда.

Айни пайтда, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Биз бу йўналишда олиб бораётган ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир.

Шу боис, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим.

Бугунги кунда ёшларимизнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган.

Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради.

Жаҳон тараққиёти ютуқлари ва қимматли манбаларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали она тилимизни илм-фан ва инновациялар тили сифатида ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратишимиз зарур.

Шу маънода, XX аср бошида яшаб ижод қилган, ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларидаги сўзларни ўз ичига олган бебаҳо луғат китобини яратган маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”, деган ҳикматли сўзлари биз учун муҳим дастуриламал, ҳаёт йўлимизни ёритадиган маёқ бўлиб хизмат қилиши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдираман.

Азиз юртдошлар!

Сизларни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилангизга қут-барака, тинчлик ва омонлик тилайман.

Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Малайзияда ўзбек ресторанлари ва бошқа овқатланиш шохобчалари очилади
Янгиликлар21:12 | 5.2.23
Малайзияда ўзбек ресторанлари ва бошқа овқатланиш шохобчалари очилади
Ўзбекистон ТИВда Исроил элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Янгиликлар20:43 | 5.2.23
Ўзбекистон ТИВда Исроил элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Намангандан Қорахонийлар даврига оид деворий суратлар, тангалар ва Дамашқ қиличлари топилди
Янгиликлар20:18 | 5.2.23
Намангандан Қорахонийлар даврига оид деворий суратлар, тангалар ва Дамашқ қиличлари топилди
Хитой Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқаришда иштирок этади
Янгиликлар19:48 | 5.2.23
Хитой Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқаришда иштирок этади
Сирдарёда ноқонуний тарзда ёввойи тўнғиз овланди
Янгиликлар19:17 | 5.2.23
Сирдарёда ноқонуний тарзда ёввойи тўнғиз овланди
Ўзбекистонда ҳафта ўртасига бориб ҳарорат 20 даражагача исийди
Янгиликлар18:44 | 5.2.23
Ўзбекистонда ҳафта ўртасига бориб ҳарорат 20 даражагача исийди

Муҳим хабарлар

Эксклюзив: телефонидан диний қўшиқ топилган 21 ёшли йигит қамоқда калтакланганми?

10:02 · 05.02.2023

Тошкент вилоятида қурилиш крани қулаши оқибатида машинист вафот этди — видео

20:51 · 04.02.2023

Киев Грузияни Саакашвилининг «устидан кулишни» тўхтатишга чақирди

20:31 · 04.02.2023

«Украина ҳарбийларига қурол етказиб бериш ва уларни тайёрлашда ‘вақт билан пойга’ кетмоқда» — NYT

19:57 · 04.02.2023

Ўзбекистонда 5 февраль куни ҳарорат 15 даражагача илийди

17:59 · 04.02.2023

«Болаларга жинсий зўравонлик қилганларга энг оғир жазо тури қўлланилиши керак» — Алия Юнусова

17:24 · 04.02.2023

Бухородаги ўқув марказида болаларга ноқонуний диний таълим бериб келигани аниқланди

15:25 · 04.02.2023

Bloomberg ўз платформалари орқали Ўзбекистоннинг бизнес ҳамда сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилмоқчи

14:17 · 04.02.2023

Туркманистон Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ етказиб беради

14:00 · 04.02.2023

Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда Quramax’нинг тақиқланган дорилари ҳамон сотилаётгани аниқланди

13:09 · 04.02.2023