Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳибсга олинди

Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, ҳокимнинг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов, шаҳар архитектори, «Яшил дунё» савдо мажмуаси лойиҳачиси, раҳбари ва қурувчиси ҳибсга олинди. Бу ҳақда ҳокимнинг адвокати, шаҳар ҳокимлиги расмийлари, қолаверса, вилоят прокуратураси матбуот котиби Алишер Бобомурадов тасдиқлади, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Исроил Худойбердиев
Фото: Surxandaryo TV

Тергов сири бўлгани сабабли ҳозирча гумондорлар қайси моддалар асосида ҳибсга олингани очиқланмаган.

Мансабдорлар ҳибсга олинганига аниқлик киритиш мақсадида нашр мухбири Термиз шаҳрида жойлашган 9-сонли тергов ҳибсхонасида бўлган. Юқоридаги хабарни колония ходимлари ҳам тасдиқлаган. Ходимлар собиқ ҳоким ҳеч ким билан учрашишни истамаётгани, ёнига фақат адвокати кирганини маълум қилган.

Жиноят иши

Ҳокимликка яқин манбаларнинг маълум қилишича, Исроил Худойбердиевга Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Эламановга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддасининг «а» банди билан (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган. Собиқ ҳоким қамоққа олинганидан бир неча кун ўтгач, у ҳам эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, 2017−2018 йилларда ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари сифатида ишлаган Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишига жалб қилинган.

Аниқланишича, улар «Яшил дунё» савдо мажмуаси қурилиши даврида 14,8 миллиард сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Буни собиқ ҳоким Исроил Худойбердиевнинг адвокати ҳам тасдиқлаган ва пуллар шаҳардаги кўплаб камчиликларни бартараф этишга сарфланганини таъкидлаган.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Ҳокимликка яқин манбаларнинг билдирилишича, «Яшил дунё» савдо мажмуасида тадбиркорлар томонидан дўконлар қурилиши учун тўланган 14 миллиард 800 миллионн сўм маблағ собиқ ҳоким ва ўринбосарлари томонидан ноқонуний сарфланган бўлиши мумкин. Термиз шаҳар ҳокимлигининг бошқа мансабдор шахслари ҳамда «Яшил дунё» мажмуасида савдо дўконлари мавжуд тадбиркорлар ҳам жиноят иш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сўроққа чақирилмоқда ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Сурхондарёдаги текширувлар

Нашрнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, Сурхондарёдаги кенг турдаги текширувлар вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг аудиолари тарқалиши ва уни президент танқид қилиши ортидан ўтказилаётган ўрганишлар натижасида содир бўлмоқда.

Аввалроқ, 27 сентябрь куни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилганини маълум қилганди.

Умурзоқов Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевга гуруҳ тузиб, унга шахсан раҳбарлик қилишини айтганди.

«Умуман аҳвол яхши эмас. Тартибга солиш керак. Ҳамма нарсани кўтариб, оқни оқ, қорани қора қилиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса, ҳамма айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Буни бош прокуратура таъминлаб беради. Ўзингиз холис баҳо бериб, қайтиб келасиз. Бир ҳафтада менг ахборот берасиз, ҳурматли президентимизга ахборот киритамиз», — деганди Умурзоқов.

«Бирор бир катта раҳбарнинг ғазабига учраган бўлса, айбланувчи қамоққа олинади»

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг «Gazeta.uz» мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, собиқ шаҳар ҳокимига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини ҳам қўллаш ҳам мумкин эди.

Терроризм, одам ўлдириш, инсоният ва давлатга қарши жиноятлар, ўта оғир туркумига кирувчи жиноятлар, шунингдек, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки рострата йўли билан талон-торож қилиш) давлатга келтирилган зарар бўлганида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишни қўллаш мумкин, деган фикрда ҳуқуқшунос.

«Мансабдорлик ваколати билан боғлиқ жиноятларда айбланувчи томонидан етказилган зарар кўлами катта бўлмаса, тилхат асосида эҳтиёт чораси сифатида очиқлик, гаров ёки уй қамоғи қўллаш мумкин. Жумладан, собиқ ҳокимга нисбатан ҳам. Ёзиб берган тилхатига кўра, айбланувчига барча чегарадан ўтишда тақиқ қўйилади, у мамлакатдан чиқиб кета олмайди. Бизда бу амалиёт озроқ сиёсийлаштирилади. Агар буйруқ юқоридан келган бўлса ёки айбланувчи бирор бир катта раҳбарнинг ғазабига учраган бўлса, қамоққа олинади», — дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Худойбердиев 2017 йилдан 2022 йилгача Термиз шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган. 21 сентябрь куни эса Худойбердиев ўз аризасига кўра лавозимидан бўшатилган. Унинг ўрнини эса қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Тўраев эгаллади. Орадан 3 кун ўтиб эса собиқ ҳоким қамоққа олинган.

Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
Янгиликлар16:44 | 8.12.22
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Янгиликлар16:25 | 8.12.22
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Янгиликлар16:06 | 8.12.22
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Янгиликлар15:53 | 8.12.22
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди
Янгиликлар15:31 | 8.12.22
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди
Ўзбекистонда нефть маҳсулотларининг сотилиши устидан назорат кучайтирилади
Янгиликлар15:02 | 8.12.22
Ўзбекистонда нефть маҳсулотларининг сотилиши устидан назорат кучайтирилади