Сирдарёда ҳарбий омбордаги портлашдан кейинги ҳолат тасвирланган видео тарқалди
Сирдарё туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли омборда якка тартибда портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етгани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқда мазкур портлашдан кейинги ҳолат тасвирланган видео тарқалди.
Маълум қилинишича, айни дамда сапёрлар хавфсизликни таъминлаш устида ишламоқда.
Аввалроқ вилоят сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилаётгани айтилганди.
Шу билан бирга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарёдаги ҳарбий қисм ҳудудида содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганлар тўғрисида маълумот берди.
Аниқланишича, Сирдарё тумани, Малик ЦИУда юз берган портлаш ҳақида соат 05:01 да туман тез тиббий ёрдам бўлимига хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.
Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинган.
«Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Айни пайтда РШТЁИМ ва унинг Сирдарё филиалидан малакали шифокорлар Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига сафарбар қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олган», дейилади хабарда.