Фарғонадаги боғчада 20 нафардан ортиқ бола овқатдан заҳарланди
ССВ ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим массасасининг 20 нафардан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганига доир хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 21 октябрь куни тумандаги 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир гуруҳ тарбияланувчиларида тана ҳарорати кўтарилиши билан Повулғон оилавий шифокор пунктига мурожаат бўлган.
Суриштирув давомида маълум бўлишича, мазкур боғчада 20 котябр куни байрами ўтказилиб, тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмали стол дастурхони қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, узум, ҳурмо, олма, банан, тарвуз ҳамда турли қандолатлар билан безатилган. Болажонлар эса ушбу егуликлардан тартибсиз равишда истеъмол қилган.
21 октябрь куни оилавий шифокор пунктига бўлган мурожаат асосида 8 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Дастлабки текширувлар натижасига кўра, уларда овқатдан заҳарланиш белгилари кузатилмаган. Тегишли симтоматик даво муолажаларидан сўнг улардан 5 нафарига уйга жавоб берилган.
Шунингдек, шифохонага ётқизилган боғча тарбияланувчиларидан олинган тиббий таҳлил намуналари лабораторияга юборилган. Ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан текширув-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳозирда болалар саломатлигини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги назоратига олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан 6 кишига айблов эълон қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан қўшимча маълумот берилгани, бош прокурор ҳолатни назоратга олгани ва заҳарланган уч нафар бола ўрта оғир аҳволда экани хабар қилинган.