Ҳафталик дайжест. Сирдарёдаги ҳарбий омборда содир бўлган портлаш, ўқувчисини калтаклаган директорлар, турар жой биносига қулаган самолёт

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

17 октябрь. Тошкентда яна чанг тўзони кўтарилди

«Ўзгидромет»нинг шошилинч ахборотида Тошкентда 17 октябрь куни соат 18:00 дан, 23:00 га қадар чанг бўрони кузатилиши мумкинлиги хабар қилинди. Шундан сўнг пойтахт ҳавоси бир муддат ифлосланиш даражаси бўйича дунёда етакчи бўлиб турди. Ҳафта ўрталаридаги ёмғирдан сўнг ҳаводаги чанг ва зарарли массалар миқдори яна меъёрлашди.

Тошкентда 18 ёшли қизни бўғиб ўлдирган йигитга ҳукм ўқилди

18 октябрь. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 18 ёшли қизни бўғиб ўлдирган йигитга ҳукм ўқилди. Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 27 майга ўтар кечаси 23 ёшли йигит ва 18 ёшли қиз ўзаро жанжаллашиб қолгани оқибатда йигит қизни бўғиб ўлдирган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур судида мазкур иш кўриб чиқилган. Тўпланган ҳужжатларда кўра, айбланувчи асли исми бошқа бўлган, ўзини «Зуля» деб таништирган чилонзорлик қиз билан танишган ва у билан ишқий муносабат қилишга келишиб олган.

Йигит қизни ўлдириб қўйганидан сўнг унинг бошини целлофан пакет билан ўраб скотчлаган ва қутига жасадни солиб, уни таксига ортган. Шундан сўнг айбланувчи жасад солинган қутини Учтепа туманидан оқиб ўтувчи каналга итариб юборган. Бироқ қути каналга тушмасдан, қирғоқда қолиб кетган. Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддасига асосан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг бош режаси билан танишди

Шавкат Мирзиёев бугун, 18 октябрь куни Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси билан танишди. Боҳ режада кўзда тутилган асосий янгиликлар қуйидагилар:

Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.

Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, «Park and Ride» тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси «Янги Тошкент» концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.

Катта ҳалқа йўли атрофида «яшил камар» яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Умуман, пойтахтда яшил ҳудудларни ҳозирги 7 мингдан кейинчалик 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.

Самарқандда мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборди

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 61-мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб қўйди. Таъкидланишича, синфдаги бошқа бир бола мактаб ошхонасидан сотиб олинган пақилдоқдан дарс вақтида фойдаланиши оқибатида директор келиб, айбсиз ўқувчининг қулоғига шапалоқ туширган. Оқибатда боланинг қулоқ пардаси йиртилган. Жабрланган боланинг айтишича, директор дастлаб уни «шантаж» қиляпти деб ўйлаган, кейин эса воқеани ота-онасига маълум қилмасликни сўраган.

Мухбирлар ҳолатни ўрганиш учун мактабга ташриф буюрган вақтда директор ва психологни иш ўринларидан топа олишмаган. Мактабдаги кузатув камералари эса атайин ўчириб қўйилгани таъкидланган. Туман халқ таълими бўлимидагилар ҳолатдан бехабар эканликларини маълум қилишган.

Шундан сўнг, Самарқанд вилояти Халқ таълими бўлими қарорига кўра, вазифасидан озод қилинган. Кейинроқ унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

19 октябрь. Самарқандда Spark ва Nexia тўқнашиши оқибатида ҳайдовчи ва уч кунлик чақалоқ ҳалок бўлди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида Spark йўлнинг қарама қарши йўналишига чиқиб ҳаракатланиши оқибатида Nexia билан тўқнашди. Ҳодисада Spark ҳайдовчиси ва Nexia’даги туғруқхонадан олиб келинаётган уч кунлик чақалоқ ҳалок бўлган.

Навоийда мактаб директори калтаклаган 10-синф қиз ҳушидан кетгани айтилди

20 октябрь. Навоий шаҳридаги 11-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослашган мактаби директори мактабнинг 10-синфида ўқийдиган қизни калтаклагани айтилмоқда. Оқибатда қиз ҳушидан кетган. Қизнинг синф раҳбари эса қизнинг калтаклангани ва ҳушидан кетганини инкор этган. Унинг сўзларига кўра, директор 10-синф қизлари билан фақат тушунтириш олиб бориш учун маънавият хонасига уларни йиғган. Қиз эса ўзи бирдан йиғлай бошлаган.

Мухбирлар ўқувчининг отаси билан боғланишганида қизни касалхонага олиб боришгани ва унга чап томон кўкрак қисмининг енгил тан жароҳати ташхиси қўйилганини айтган. Қизнинг ота-онаси унинг ҳужжатларини олиб бошқа мактабга ўтказишган.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга алабай кучуги совға қилди

21 октябрь. Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи давомида мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Учрашув сўнгида Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевга Туркманистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди

Президент Шавкат Мирзиёевга Махтумқули номидаги Туркманистон давлат университетнинг фахрий профессори унвони ва махсус кийими топширилди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев университет ҳаётига оид кўргазмани ҳам кўздан кечирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сирдарёдаги ҳарбий қисм омборида портлаш содир бўлди

22 октябрь. Сирдарё вилоятидаги Малик аҳоли пунктидаги ҳарбий қисм омборида соат 04:55 да портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар бўлмаган. Портлаш ҳақидаги хабар Сирдрарё тумани тиббиёт бирлашмасига соат 05:01 да етиб келганидан сўнг, портлаш зарбидан шикастланган 16 нафар бемордан 12 нафари тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинган.

Маълумотларга қараганда, беморлар орасида оғир аҳволдагилари йўқ. Шунга қарамай, ҳарбий қисм омбори аҳоли яшаш ҳудудларидан етарли узоқликда жойлашган бўлсада, атрофдаги уйларга зарар етган. Буни портлаш вақти тасвирланган видеолардан ҳам кўриш мумкин.

Портлашдан сўнг Сирдарё тумани ҳокими аҳоли орасида юриб, кимга қанча зарар етган бўлса, ҳисобаниши ва уларга зудлик билан ёрдам берилишини маълум қилган. Шунингдек, портлаш оқибатида деразалари цинган хонадон эгаларига янги ойналар тарқатилган.

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими 60,5 миллиард сўмни талон-торож қилишда айбланиб, қамоққа олинди

Қарши шаҳрига 2016-2019 йилларда ҳокимлик қилган Жамшид Фозилов 54 та ҳолатда умумий қиймати 60,51 миллиард сўм бўлган жами 463,12 минг метр квадрат ер участкаларини аукцион савдолари ўтказмасдан, ноқонуний ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилишда иштирок этгани юзасидан айбланган эди.

Фото: Facebook

Ижтимоий тармоқларда собиқ ҳокимнинг озод қилингани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Таъкидланишича, Қарши шаҳар судининг 20 октябрдаги ажримига кўра, вилоят прокуратураси томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Суднинг ушбу ажримидан сўнг, Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

Шундан сўнг прокурорнинг апелляция инстанциясига киритган протести қаноатлантирилиб, уй қамоғи чораси қамоққа олиш жазоси билан алмаштирилган.

Сурхондарёда ҳамшира аёл фарзанди олдида калтакланди

23 октябрь. Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги шифохонада ҳамширанинг фарзанди олдида калтаклангани ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Қайд этилишича, туман сил касалликлар шифохонаси бош ҳамшираси Д.И. ва мазкур даволаш муассасаси физиотерапия бўлими ҳамшираси С.Т.нинг шахсий адовати сабаб, 18 октябрь куни зиддиятли ҳолат юзага келган.

Кадр: Telegram

Ушбу ҳолатга С.Т.нинг яқинлари ҳам аралашиб, шифохона бош ҳамширасига тан жароҳати етказган.

Шунингдек, тиббиёт ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳатти-ҳаракатларни содир этган ҳамширалар вақтинча ишдан четлаштирилган ҳамда калтакланган ҳамшира қизининг руҳий ҳолати ва соғлиғи мутахассислар назоратига олинган.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилиб, воқеа сабаблари аниқланаётгани маълум қилинган. Кейинроқ калтакланган ҳамширанинг қўшнилари унинг уйига тез-тез бегона эркаклар келиб туришини ва у шунинг учун ҳам олдинги яшаш жойларидан қувилганини таъкидлаб, жанжал келиб чиқишига айнан шуни сабаб қилиб келтирган.

Якунига етган ҳафтада жаҳонда нималар содир бўлди?

Бир ҳафтанинг ичида икки бор Россия ҳарбий самолётлари аҳоли турар жойига қулади

17 октябрь. Россиянинг Краснодар ўлкаси Ейск шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирига СУ-34 қирувчи-бомбардимончи самолёти келиб урилди. Маълумотларга кўра, самолётдан икки нафар учувчи катапульта қилиш орқали сакраб қолишга улгурган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 кишига етиб, улардан уч нафари болалар бўлган. Шунингдек, 19 киши жабрланган, 68 киши қутқариб олинган ва 360 дан ортиқ одам эвакуация қилинган.

23 октябрь. Россиянинг Иркутск шаҳрида СУ-30 ҳарбий самолёти икки қаватли уй устига қулаб тушиши оқибатида 2 учувчи ҳалок бўлди. Ҳодиса оқибатида келиб чиққан 200 квадрат майдондаги ёнғин ўраб олингани ва маҳаллий аҳолидан қурбонлар йўқлиги ҳақида хабар берилмоқда.

Буюк Британия ҳукуматида истеъфо, Италияда эса янги ҳукумат

20 октябрь. Буюк Британия бош вазири истеъфога чиққанини эълон қилди.

Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс 45 кунлик бошқарувдан сўнг истеъфога чиққанини эълон қилди. Кўпчилик томонидан Трасс хоним мамлакат тарихидаги энг омадсиз раҳбар деб аталмоқда. Шунингдек, энг кам ҳокимиятда тургани ҳам. Унинг истеъфосига иқтисодий сиёсатда муваффақиятсиз ҳаракатлари сабаб бўлди. Лиз Трасснинг таъкидлашича, у консерваторлар партиясининг янги раҳбари тайинлангунга қадар бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида қолади.

22 октябрь. Бош вазир Жоржа Мелони томонидан тузилган Италия ҳукуматининг қасамёд қилиш маросими 22 октябрь, шанба куни Римдаги Квиринал саройида президент Сержо Маттарелла иштирокида бўлиб ўтди. Вазирлар кенгаши таркибига ўнг марказчилар коалицияси вакиллари — «Италия биродарлари», «Лига» ва «Олға, Италия» партияси аъзолари кирди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимини «Олға, Италия» партиясининг таниқли вакили Антонио Таяни эгаллади, у ҳам бош вазир ўринбосари бўлди. Бош вазирнинг яна бир ўринбосари — Маттео Салвини, у ҳам инфратузилма вазири лавозимини эгаллади.

Фото: AP Photo

Маттео Пянтедози Ички ишлар вазирлиги раҳбари бўлди, у Салвинининг тарафдори ва ноқонуний иммиграцияга қарши принципиал курашчи ҳисобланади. Адлия вазири Карло Нордио («Италия биродарлари»), мудофаа вазири — Гуидо Крозетто («Италия биродарлари»).

Иқтисодиёт вазирлигини «Лига» вакили Жанкарло Жоржетти, Иқтисодий ривожланиш вазирлигини — Адолфо Урсо («Италия биродарлари»), Энергетика вазирлигини «Олға, Италия» партиясидан Паоло Зангрилло бошқаради.

Ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда 10 декабрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Янгиликлар7:31 | 10.12.22
Ўзбекистонда 10 декабрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Мақолалар2:17 | 10.12.22
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
Янгиликлар23:27 | 9.12.22
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Спорт22:59 | 9.12.22
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Янгиликлар22:45 | 9.12.22
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Янгиликлар22:00 | 9.12.22
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди