Ҳарбийлар Сирдарёдаги портлашдан зарар кўрган хонадонлар эгаларига ёрдам берди — фото
Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги ҳарбий омборда портлаш содир бўлган эди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари портлаш оқибатида зарар кўрган хонадонлар эгаларига ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳудудга жалб этилган ҳарбийлар ҳарбий қисм атрофидаги айрим маҳаллаларнинг шикаст етган хонадонларини кўздан кечириб, уй эгаларига ёрдам кўрсатган. Жумладан, ҳарбий қисм яқинида жойлашган «Баҳор» маҳалласининг Беруний кўчасида жабр кўрган 90 та хонадонга етказилган зарар мутасадди ташкилот вакиллари томонидан ўрганиб чиқилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилган.

«Хонадонларнинг ойналари янгиланмоқда, том қисмига зарар етган объектлар таъмирланяпти. Ҳосил бўлган чиқиндилар тўлиқ тозаланяпти. Ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган ҳарбий шаҳарчада ҳам айрим хонадонларнинг cинган ойналари ва эшиклари таъмирланмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Сирдарёдаги ҳарбий омборда содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, ҳодиса оқибатида қанча турар ва нотурар жойларга талафот етгани аниқланганди.
