Бугун оқшоми. Қамоқдан чиқиб, қамоққа қайтган эркак, сумкасида бомба «олиб юрган» қиз, «пойга»да илгарилаб кетган Сунак

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Сурхондарёда фарзанди олдида ҳамширани калтаклагаанларга жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги шифохоналардан бирида икки аёл ҳамширани фарзанди кўз ўнгида калтаклагани акс этган тасвирлар тарқалганди. Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 23 октябрь куни С.Қ. ва С.Т. га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Кадр: Telegram

Фарғонада 20 йил «ўтириб чиққан» киши уйига келган меҳмонни ўлдириб қўйди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 20 йил қамоқда ўтириб чиққан шахс уйига келган меҳмонни ўлдириб қўйиши оқибатида яна 8 йилга «кесилди». Қайд этилишича, қамоқдан қайтган фуқаро укасининг уйида яшай бошлаган. Унинг олдига жазони ижро этиш муассасасида танишиб қолган шериги меҳмонга келганидан сўнг, улар биргаликда ўтириб, спиртли ичимлик ичган. Меҳмон мезбонни ҳақорат қилгани сабаб икки ўртада жанжал келиб чиққан ва айбланувчи меҳмонни темир бўлаги билан уриб, ўлдириб қўйган.

Кадр: YouTube

Шундан сўнг, у жабрланувчини ўзбошимчалик билан даволашга уриниб, уни икки сутка хонадонида сақлаган. Марҳум кўкрак қафасининг иккала томондан тўққизта қовурғаси синиши ва ўпкаси йиртилиши оқибатида ҳалок бўлган. Айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» бани билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳафтадаги иш режаси маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳафтадаги иш режаси ҳақида маълумот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, давлат раҳбари ҳафта давомида:

  • Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишелни қабул қилади;
  • 27 октябрь куни «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига ташриф буюради;
  • Мазкур иш ҳафтасидан бошлаб ҳудуд раҳбарлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича Президент ҳузурида ҳисобот беришни бошлайди;
  • Соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ва келгуси вазифалар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтади;
  • Шунингдек, қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.

Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашган қиз ҳибсга олинди

Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 19 ёшли қиз сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашгани учун ҳибсга олинди. Маълум қилинишича, бекатда фаолият юритаётган хавфсизлик хизмати ходимлари сумкасини текширмоқчи бўлганида қиз уларга сумкасида бомба борлигини айтган. Шундан сўнг, ИИВнинг махсус гуруҳи чақирилиб, қиз ҳибсга олинган. Сумкаси текширилганида эса ундан портловчи қурилма топилмаган. Ундан ёлғон гапирганининг сабаби сўралганда, шунчаки кайфияти яхшилиги ва шунинг учун ҳазиллашганини маълум қилган.

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

Дунёда нима гап?

Қирғизистонда Кампир Ободнинг Ўзбекистонга берилишига қаршилар оммавий ҳибсга олинмоқда

Қирғизистонда Ўзбекистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласи бўйича келишувлардан, хусусан Кампир Обод сув омборининг Ўзбекистонга берилишидан норози қатлам махсус қўмита тузди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги эса қўмита аъзоларининг уйларида тилтув ўтказиб, 16 нафар мухолифатчини «оммавий тартибсизликларга тайёргарлик»да айблаб, ҳибсга олди. Асосий гумоналанувчи — парламент собиқ спикери Канат Исяев бир ой муддатга қамоққа олинган.

Фото: «Евразия.Эксперт»

Маълумотларга кўра, 24 октябрь куни Бишкек марказида «Қирғизистон яхлитлигини сақлаш» учун марш ўтказилиши режалаштирилган.

Риши Сунак Буюк Британия бош вазири бўлиш учун ягона номзод бўлиб қолди

Буюк Британиянинг амалдаги бош вазири Лиз Трасс 45 кунлик бошқарувдан сўнг истеъфога чиққан эди. Шундан кейин, собиқ бош вазир Борис Жонсон ҳам бош вазир лавозими учун курашмаслигини маълум қилди. Яна бир номзод Пенни Мордант Лиз Трасснинг ўрнини эгаллаш учун пойгадан чиқиб кетганини эълон қилди ва бу Риши Сунакнинг Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазири бўлишига йўл очди.

Фото: Буюк Британия Уй-жой вазирлиги

«Биз барчамиз мамлакат, бир-биримиз ва Риши олдида бирлашишимиз ҳамда миллат фаровонлиги учун биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур», деб ёзди у Тwиттерʼда.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Мақолалар2:07 | 1.12.22
Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Янгиликлар23:51 | 30.11.22
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Янгиликлар23:08 | 30.11.22
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Спорт22:42 | 30.11.22
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Янгиликлар22:02 | 30.11.22
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади
Янгиликлар21:23 | 30.11.22
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади