Бугун оқшоми. Ҳалигача очилмаётган Ғафур Ғулом боғи, газли ичимликнинг беҳаё рекламаси, «заправка»га келиб тушган ракета парчалари

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги оилавий поликлиникага борди

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 22-сонли оилавий поликлиникага ташриф буюрди. Шунингдек, давлат раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳам ўтказди. Давлат раҳбари шифокор ва ҳамширалар, фельдшер ҳамда санитарларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек. видеоселекторда соҳада амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилган. Унга кўра:

  • 2022 йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилган;
  • хориж тажрибаси асосида аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилган;
  • оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилгани, бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 3 баравар (188 миллиард сўмдан 540 миллиард сўмга) оширилгани таъкидланган;
  • 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилган;
  • оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилган. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилган;
  • тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди. Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилган;
  • шунингдек, 2022 йилда тиббиётга 28 триллион сўм ажратилмоқда ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўплиги маълум қилинган.

Шавкат Мирзиёев ҳамшираларнинг маошини ошириш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган йиғилиш давомида ҳамширалар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлашга топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, давлат раҳбари тиббиёт соҳаси мутасаддиларига қуйидаги топшириқларни берган.

  • икки ой муддатда 300 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш, келгуси йил 1 мартга қадар бундай тиббиёт пунктларини оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада ҳам барпо этиш;
  • 30 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларини ташкил этиб, уларни жиҳозлаш, 2023 йилда яна қўшимча 140 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларини ташкил этиш;
  • икки ой муддатда оналар ва болалар саломатлиги бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, унда туғруқ бўлимларининг моддий-техник базасини яхшилаш, туғруқ ўринларини босқичма-босқич кўпайтириш, болаларда туғма нуқсонларни олдини олиш ва эрта аниқлаш, махсус дори воситалари билан таъминлаш, Акушерлик-гинекология, Скрининг ва Репродуктив саломатлик марказларининг ягона вертикал тизимини яратишни назарда тутиш;
  • хорижий ишлаб чиқарувчилар билан музокара ўтказиб, 640 та «Тез ёрдам» машинасини харид қилиш;
  • икки ой муддатда барча ихтисослашган марказларда камида 10 тадан янги юқори технологик даволаш усулларини жорий қилиш бўйича дастурни қабул қилиш;
  • икки ой муддатда тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, унда 1 минг 117 та тиббиёт муассасини қуриш ва капитал таъмирлаш, 668 тасининг ичимлик суви, иссиқлик тизими ва электр таъминотини яхшилаш, 1 минг 870 тасига 38 мингта янги тиббий жиҳозлар етказиб беришни назарда тутиш.

Газли ичимликнинг «бемаънавият» реклама ролиги

Ижтимоий тармоқларда газли ичимликни реклама қилаётган қизларнинг бехаё хатти-ҳаракатларни амалга ошираётгани тасвирланган видео тарқалди. Маълум қилинишича, тарқалган видео 2022 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган «Avto— Shou» тадбири қатнашувчилар томонидан видеотасвирга олинган ва ижтимоий тармоқда жойлаштирилган. Ушбу ҳолат тармоқ фойдаланувчиларининг баҳс-мунозаралари марказида бўлиб турибди.

Хусусан, блогер Нурбек Алимов Telegram’даги шахсий блогида мазкур «бемаънавият» видеони қайта кўрганини айтиб ҳазиллашган. Журналист Хуршид Далиев эса обуначиларига қизлар реклама қилган ичимликни чиқарувчи ширкат кимга тегишли эканлиги ҳақидаги савол билан юзланган. Бошқа тармоқ фаоллари бўлса, медиа майдонида ушбу хабарда номи ёзилмаган ичимлик рекламаси учун яхшигина «қора PR» бошланганини таъкидламоқда.

Наманганда ҳокимлик автомобили беш ёшли болани уриб юборди

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоят ҳокимлигига тегишли хизмат машинасида одам уриб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қайд этилишича, 7 октябрь куни вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги Toyota Land Cruiser Наманган-Уйчи-Учқўрғон йўлининг 8-километрида бахтсиз ҳодиса туфайли йўлни кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган фуқарони «туртиб» юборган.

Йўловчини зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тўлиқ тиббий текширув ўтказилган, жиддий шикастланиш аниқланмаган, фақатгина юз соҳасида шилиниш бўлган, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, йўл транспорт ҳодисаси бўйича барча хужжатлар Ички ишлар бўлими томонидан расмийлаштирилгани ва ҳозирда боланинг аҳволи яхши, қўшимча даволаш талаб этилмаслиги маълум қилинган.

Тошкентда икки кун аввал «очилган» Ғафур Ғулом боғига одамлар киритилмаётгани айтилди

Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом боғининг очилиши тўртинчи марта кечикмоқда. Боғ дарвозаси олдида қоровул боғга келганларни ичкарига киритмаётгани айтилмоқда. Очилиш санаси ҳақидаги биринчи маълумот 2022 йил 15 февралда пайдо бўлган. Кейинчалик у ёз фаслига кўчирилган. Бироқ, ёзда ҳам боғнинг эшиклари ёпиқлигича қолаверган.

Шунингдек, Сенат истироҳат боғи кузда, 1 сентябрдан ишга тушишини маълум қилган. Ташриф буюрувчилар 1 cентябрь куни янги аттракционлар ва янгиланган парк ўрнига яна ёпиқ эшиклар олдидаги гавжумликни кўришга мажбур бўлган.

Деярли бир ярим ойдан сўнг, ишларнинг тугаши ва боғнинг очилиши кечиктирилганлиги сабабли, Сенат янги сана — 24 октябрни эълон қилди. Шунга қарамай, 26 октябрь санасида ҳам мазкур боғ шаҳар аҳолисини қабул қилишни бошламагани айтилмоқда.

Шунингдек, Чилонзор туман ҳокимлиги аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган боғ номи ўзгариши ҳақидаги хабарларни бугун расман рад этди.

Дунёда нима гап?

Днепрдаги «заправка»га ракета бўлаклари келиб тушди

Украинанинг Днепр шаҳридаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига ракета снаряди келиб тушди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлган. Улардан бири ҳомиладор бўлгани айтилмоқда.

Фото: Украина президенти офиси

Риши Сунак Зеленскийга Украинани қўллашда давом этишини маълум қилди

Буюк Британиянинг янги бош вазири Риши Сунак Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали музокара ўтказди. Суҳбат давомида Сунак Зеленскийга Украина ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватланишини маълум қилган. Ўз навбатида Украина президенти Сунакни янги лавозим ва Дивали байрами билан табриклаган.

Фото: Global Look Press

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Медиа, Янгиликлар13:53 | 27.11.22
Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Медиа, Янгиликлар12:54 | 27.11.22
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди