Бухоро шаҳридаги айрим кўчаларда тезлик 60 километргача чекланади
Ушбу масала Халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан кўриб чиқилган
Бухоро шаҳридаги айрим кўчаларда автомобиллар тезлиги чекланади. Бу борадаги масала Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг 66-сессиясида кўриб чиқилган.

Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Анвар Аҳмедовга кўра, 2022 йилнинг 9 ойи якуни бўйича содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 30 тага ёки 10,6 фоизга камайган. Шунингдек, олиб борилган ижобий ишларга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари Жондор (3 тага), Пешкў (1 тага), Қоровулбозор (1 тага) туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида (4 тага) кўпайишига йўл қўйилган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 52 таси тезликни ошириш оқибатида содир этилгани аниқланган. Бухоро шаҳрида умумий 68 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, ҳодисаларнинг 9 таси ўлим билан якунлангани айтиб ўтилган.
Сессияда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилларидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов, М.Иқбол, Намозгоҳ, Ибн Сино, Баҳовуддин Нақшбанд ҳамда Навоий шоҳ кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 километр этиб белгилаш юзасидан таклифи кўриб чиқилган.
Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилган ва маъқулланган. Ушбу таклифни тасдиқлаш учун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссиясига тақдим этиш белгиланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситалари тезлиги 60-50 километр/соатга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Кўп ўтмай, Йўл ҳаракати хизмати бошқармаси Тошкент кўчаларида тезликни камайтириш тартиби ҳали кучга кирмаганини билдирди.