Ғарб Украинани ўнлаб йиллар қўллаб-қувватлаш ниятида экани маълум қилинди
Германия канцлерига кўра, бу XXI асрнинг янги Маршалл режасини ишлаб чиқишдан бошқа нарса эмас
Ғарб Украинага ўн йиллар давомида ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц маълум қилди, деб хабар беради «Известия».

«Бугун бу ерда Украинани қайта тиклаш, унинг модернизациясини йиллар ва ўн йиллаб олдиндан таъминлаш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашни кўриб чиқиш учун йиғилдик. Шундай экан бу XXI асрнинг янги Маршалл режасини ишлаб чиқишдан бошқа нарса эмас — бу ҳозирдан бошланиши керак бўлган авлодлар режасидир», — дейди у Украинани қайта тиклаш борасидаги халқаро конференция очилишида.
Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ғарб давлатларини Украинани қайта тиклаш учун «Маршалл режаси» муқобилини ишлаб чиқишга чақирганди. Сиёсатчилар Украинанинг қайта тиклаш ечимини ҳозирдан кўриш лозим бўлган «барча авлодлар вазифаси» деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Пентагон Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича фавқулодда қарор қабул қилган, Бельгия Украинага қурол сотиб олиш учун яна 500 миллион eвро берган, Жо Байден Украинага яна 725 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратганди. Ўз навбатида Украина ҳар ой 4-5 млрд долларлик бюджет ёрдами олишни режалаштирмоқда.