Бугун оқшоми. Мирзиёевга йўлланган мурожаат, Украинадан чора кўришни сўраган Ўзбекистон, Эрондаги мақбарада содир бўлган отишма

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Тошкент метросидаги вагонда шубҳали рюкзак қолдириб кетилди

Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши «Буюк ипак йўли» метро станциясида қолдириб кетилган шубҳали рюкзак аниқланди. Таъкидланишича, ушбу буюмлар ўриндиқ ёнида бўлган. Масъул ходим зудлик билан навбатчилик қисмига хабар берган. Рюкзак ва қутида портловчи қурилма бор-йўқлигини текшириш учун ҳодиса жойига ИИВ махсус гуруҳи жалб этилган.

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

Текширув вақтида қолдириб кетилган буюмлар ичидан портловчи қурилмалар топилмаган. Орадан 30 дақиқа ўтгач, метрополитен ходимига фуқаро мурожаат қилиб, вагонда рюкзак ва қутиси қолиб кетганини билдирган. Фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, далолатнома тузилган ва қолдириб кетилган буюмлар ўз эгасига қайтарилган.

Тошкентдан Дубайга учаётган самолёт Эронга фавқулодда қўндирилди

Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкентдан Дубайга учаётган самолётида авариявий ҳолат юзага келди. Оқибатда экипаж белгиланган манзилга яқин аэропорт — Эроннинг Шероз шаҳридаги аэропортга йўналишга қарор қилган ва самолёт соат 07:36 да мувафаққиятли қўндирилган. Кейинроқ маълум қилинишича, самолётнинг фавқулодда қўндирилишига экипаж аъзоларидан бирининг аҳволи ёмонлашиши сабаб бўлган.

Фото: Jetphoto

Сирдарёда эркак хотинини ғишт билан уриб ўлдирди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 38 ёшли эркак хотини билан жанжаллашиб қолиши оқибатида уни ҳовлисидаги ғишт бўлаги билан уриб ўлдирди. Аёл Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилишига қарамай, вафот этган. Маълум бўлишича, аёл қишлоқ врачлик пунктида катта ҳамшира лавозимида, эркак эса шу пунктда қоровул бўлиб ишлаган.

Россиядаги корхоналардан бирида ишловчи ўзбекистонлик мигрантларга сафарбарликка чақирув қоғози келди

Россиянинг Орлов вилоятида жойлашган «ЭкСити» чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишловчи ўзбекистонликларга сафарбарликка чақирув қоғозлари келди. Маълум бўлишича, чақирув қоғозлари бутун сменадаги 50 кишига келган бўлиб, уларнинг ярмини ўзбекистонликлар ташкил қилган. Мигрантлар 26 октябрь куни Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, нима учун сафарбарликка чақирилганини тушунмай, Президентга мурожаат йўллаган.

Кадр: YouTube

Шундан сўнг, уларнинг ҳужжатлари текширилиб, қўйиб юборилган. Вилоят ҳарбий комиссари эса ушбу «англашилмовчилик»ни «корхонанинг ўзидаги ҳужжатлар билан боғлиқ чигалликлар» билан изоҳлаган.

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба машинасида 5 нафар ўқувчини уриб юборди

Жанубий Кореянинг Чунчон-Намдо провинциясида ўзбекистонлик 25 ёшли талаба бошқарувидаги автомобиль 5 нафар ўқувчини уриб юборди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар ўқувчи оғир даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ўзбекистонлик талаба ҳозирда ҳибсда эканлиги маълум қилинган. Тахмин қилинишича, у рулда ухлаб қолган.

Кадр: Telegram

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг Марказий Осиё—Европа Иттифоқи форматидаги биринчи мажлисида иштирок этиш учун 27 октябрь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига жўнаб кетди. Остона халқаро аэропортида давлат раҳбарини Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев шу куни Марказий Осиё— Европа Иттифоқи саммитида нутқ сўзлаб, Марказий Осиёдан Европа Иттифоқи бозорларига тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича бош вазир ўринбосарлари даражасида Марказий Осиё—Европа Иттифоқи Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини очиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрлиги билдирилган.

Ўзбекистонда Россия армияси учун Украинада фойдаланиладиган дронлар йиғилаётгани рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор билан суҳбати давомида Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда ишлатаётган дронлар Ўзбекистонда йиғилаётгани ҳақидаги хабар тарқалди. Бунга нисбатан дастлаб, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров муносабат билдирди.

«Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Ўзбекистон рус агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини, музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлайдиган бетараф позициясини фуқароларимиз ҳам бутун дунё ҳам жуда яхши тушуниб бўлди», — деб ёзади депутат.

Шунингдек, Алишер Қодиров Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бунга муносабат билдириши ҳамда украиналик журналистни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини ёзган.

Фото: «Bugun.uz»

Шу куннинг ўзида Мудофаа саноати давлат қўмитаси бунга муносабат билдириб, мамлакатда Эрон дронлари йиғилаётганини рад этди. Ташқи ишлар вазирлигининг реакцияси эса янада кескинроқ чиқди. Вазирлик Украина расмий ҳукуматига ёлғон ахборот тарқатганларга нисбатан чора кўришни сўраб, мурожаат йўллади.

Ижтимоий тармоқларда бугуннинг энг кўп муҳокама қилинган хабарига нисбатан сиёсий экспертлар ҳам ўз фикрларини билдиришган. Хусусан, Камолиддин Раббимов Дмитрий Гордон Ўзбекистонни Тожикистон билан алмаштириб юборган бўлиши мумкинлигини айтди ва

«Лекин, бу каби жиддий фикрлар билдиришда, журналистлар, сиёсатчилар ўта масъулиятли бўлишлари керак. Ҳаммани ҳам хато қилиш ҳуқуқи бор. Масалан, мен ҳам хато қилиб, Гордонни фамилиясидаги учинчи ҳарфини «н»га алмаштирсам, ёқармиди?! Албатта, йўқ. Масъулиятли бўлиш керак, яхшимас…», дея енгил сарказм қилган.

Дунёда нима гап?

Эрондаги мақбарада содир бўлган отишмада камида 15 киши ҳалок бўлди

Эроннинг Шероз шаҳридаги Шоҳ-Черох мақбарасига киришда қуролланган уч киши автоматлардан одамларга ўқ узди. Маълумотларга кўра, отишма оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилган.

Фото: Al-Monitor

IRNA агентлигининг гувоҳлар сўзларига таяниб ёзишича, соат 17:45 ларда ҳужум уюштирган шахслар мақбара ҳудудига автомобилда кириб келган ва ўт очишга киришган. Полиция гумоналнувчиларнинг икки нафарини ҳибсга олган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Толибон Қатардаги стадионлар қурилиши учун ускуналар етказиб бергани маълум бўлди
Янгиликлар14:43 | 26.11.22
Толибон Қатардаги стадионлар қурилиши учун ускуналар етказиб бергани маълум бўлди
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Янгиликлар14:14 | 26.11.22
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео