БААда қаровсиз қолиб кетган 11 ёшли ўзбекистонлик бола мамлакатга қайтарилди
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)да қаровсиз қолиб кетган 11 ёшли ўзбекистонлик бола мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вояга етмаган Р.А. БААга онаси билан бирга борган. Ушбу аёл БААда бўлиб туриш қоидаларини мунтазам бузганлиги сабабли мамлакатдан чиқариб юборилган. Бироқ тегишли ҳужжатлардаги муаммолар сабабли унинг вояга етмаган фарзандининг БААдан чиқиб кетишида тўсиқлар юзага келган.
Мамлакатнинг Абу-Дабидаги элчихонаси ва Дубай шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу масала бўйича қилинган мурожаат назоратга олинган.
Шунингдек, БААнинг тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида юзага келган барча муаммолар бартараф этилган ва вояга етмаган Р.А. Дубай—Самарқанд авиақатнови билан Ўзбекистонга қайтарилган.
Унинг Ўзбекистонда жўнатиш билан боғлиқ барча харажатлар Бош консулхона ва Дубайда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар томонидан тўлиқ қоплаб берилган.
Аввалроқ Россиянинг Рубцовск шаҳрида пулсиз кўчада қолган 6 нафар ўзбекистонлик фуқарога ёрдам кўрсатилгани, Москвада 15 нафар ўзбекистонликнинг иш ҳақи қисман ундириб берилгани, Россияда ўзбекистонлик мигрантларни мажбурий меҳнатга жалб қилган иш берувчи ҳибсга олингани тўғрисида хабар берилганди.