Бугун оқшоми. Орденни оқлашини айтган Норбоева, ичида бинт «қолиб кетган» бола, Истанбулда содир бўлган портлаш

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Шавкат Мирзиёев иссиқхоналар газдан узиб қўйилиши масаласини зудлик билан кўриб чиқишни буюрди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги иссиқхоналар табиий газдан огоҳлантиришсиз узиб қўйилишидан норози бўлган тадбиркорлар Тошкентда йиғилишди. Бундан хабар топган давлат раҳбари зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга тегишли топшириқ берди. Умурзоқов раҳбарлигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинган.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари масала билан умуман шуғулланмагани ва тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун жиддий танқид қилинган.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.

Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилган.

Европа Кенгаши раҳбари Ўзбекистонга келди

Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель 27 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашуви якунланганидан сўнг Ўзбекистонга келди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев билан Шарль Мишель билан «Кўксарой»да тор доирада учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласи ва ушбу соҳада Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.

Фото: Fjala

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон томони 2023 йилда Ўзбекистонда ЕИ—Марказий Осиё биринчи туризм форумини ўтказишни таклиф қилди.

Шарль Мишель ташриф давомида қатнашган кейинги расмий тадбир «Кўксарой» қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экиш бўлди. Қайд этилишича, 28 октябрь куни олий мартабали меҳмон Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги янги офиси очилишида иштирок этиши, Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий обидалари билан танишиши кўзда тутилган. Шу билан Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг мамлакатга ташрифи якунланади.

Танзила Норбоева Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Россия Федерал мажлиси Федерация кенгаши раиси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевани «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Фото: Sputnik

«Сиз Россиянинг азалий, самимий дўстисиз ва ушбу юксак мукофот сизнинг тинимсиз виждонан меҳнатингизга муносиб баҳо, Россия—Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангиз эътирофи бўлиб хизмат қилади», — дейди Матвиенко.

Ўз навбатида Олий Мажлис Сенати раиси ҳам мукофотга лойиқ кўрилганига муносабат билдирди.

«Бу мен учун катта шараф. Россия президенти Владимир Путинга самимий миннатдорлик сўзларимни билдирмоқчиман ва ушбу орденни, албатта, оқлаймиз», — дейди Норбоева.

Сурхондарёда операция пайти 4 ёшли боланинг ичида бинт қолиб кетгани айтилди

Ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик 4 ёшли бемор бола танасида операция пайти бинт қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри, «Тинчлик» маҳалласида яшовчи 2018 йилда туғилган болага 2020 йил 12 мартда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан ўнг томонлама чов ёрғоқ чурраси ташхиси қўйилган. Шундан сўнг бемор мазкур муассасада муваффақиятли операция қилинган.

Кейинроқ, боланинг ўнг томонида ҳам ҳудди шу асорат кузатилган. Боланинг онаси илтимосига кўра, у 2022 йилнинг 27 октябрь куни аввалги сафар унга жарроҳлик амалиётини қилган шифокор томонидан операция қилинган. Боланинг ичида бинт қолиб кетгани ҳақидаги гаплар эса ёлғон экани таъкидланган.

Дам олиш кунлари Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келади

Ўзбекистон ҳудудига 30 октябрь куни Волгабўйи ҳудудларидан совуқ антициклон кириб келади. Шу куни Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир ёғади. 31 октябрда эса Ўзбекистоннинг шарқий ҳудудлари: Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ёғингарчилик кузатилади. Баъзи ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

30-31 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Дунёда нима гап?

Истанбулдаги саноат зонасида портлаш юз берди

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги саноат зонасида содир бўлган портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, уч киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Маълумотларга кўра, портлаш саноат зонасидаги кислород баллонлари ёрилиши оқибатида келиб чиққан.

Фото: Haber

Жо Байден Путиннинг ядровий қуролдан фойдаланиш ҳақидаги баёнотига изоҳ берди

Владимир Путин 27 октябрь куни «Валдай» мунозара клуби йиғилишида Украинага ядровий зарба бериш Россияга «керак эмаслиги»ни маълум қилганди. «Ҳеч қандай маъно йўқ — на сиёсий, на ҳарбий», — деган ўшанда Россия президенти.

Унинг бу фикрига нисбатан АҚШ президенти Жо Байден муносабат билдириб, Путиннинг вазиятга нисбатан ёндашувини «жуда хавфли» деб атаган.

Фото: AP Photo

Бугуннинг ассоий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Янгиликлар10:14 | 4.12.22
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди