Шавкат Мирзиёев ва Шарль Мишель ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди

Шавкат Мирзиёев Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан тор доирада учрашув ўтказгани хабар қилинганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг маълум қилинишича, самимий ва дўстона руҳда ўтган музокаралар чоғида Шавкат Мирзиёев ва Шарль Мишель кейинги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани ва кенг кўламли тус олганини тасдиқлади.

Томонлар Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни ва ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини олқишлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаш ва уларни янада чуқурлаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки томонлама ва ҳудудлараро ҳамкорлик учун яратилган қўшма механизмлар сермаҳсул ишлаётгани ижобий баҳоланди. Уларнинг салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида биргаликда ҳаракат қилишга тайёрлик билдирилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очадиган, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва инсон капитали йўналишларидаги масалаларнинг кенг доираси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим дастлабки босқичда имзоланганини олқишлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентлар ушбу муҳим ҳужжат имкон қадар тез фурсатда имзоланиши ва ратификация қилинишига умид билдирдилар.

Шу билан бирга, томонлар халқаро ишларда ва икки томонлама муносабатларда БМТ устави ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган нормаларига қатъий риоя қилишларини, ҳамкорликни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойиллари асосида қўллаб-қувватлашлари ва ривожлантиришларини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Евроиттифоқ томони Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини, улар барқарор бўлиши ва ортга қайтмаслигига умид билдирди.

Президентлар инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги соҳасидаги конструктив мулоқот ва фаол ҳамкорликни юксак баҳолади. Ўзбекистон ва ЕИнинг бу борадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам кўмаклашишга томонлар қатъий интилиши таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Европа кенгаши президенти Ўзбекистон раҳбариятининг гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибори ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади ҳамда ЕИ ушбу соҳалардаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмакни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлиқ ҳурмат қилиш муҳимлигини қайд этди.

ЕИ компанияларидан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар, энг янги технологиялар, илғор тажриба ва юксак стандартларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентлар Ўзбекистон билан Евроиттифоқ ўртасида иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини олқишлади. 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга GSP+ тизимининг бенефициар мамлакати мақоми берилиб, ўзбек маҳсулотларининг кенг номенклатураси ЕИ мамлакатларига божсиз етказиб берилишига имконият яратилгани бу борада муҳим қадам бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Томонлар ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси бажарилишини жадаллаштириш мақсадида биргаликда чора кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар ҳамда 2022 йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ЕИ—Марказий Осиё форматида ўзаро боғлиқлик бўйича «Барқарор тараққиёт учун ‘Глобал дарвоза’» конференциясининг ўтказилишини олқишлади.

Ўзбекистон томони конференцияда ҳамкорликнинг устувор соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинишини таклиф этишга тайёр.

Барқарор транспорт йўлакларини яратиш, шу жумладан Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш ўзаро савдони кўпайтириш учун тизимли омил сифатида белгиланди.

Президентлар портларнинг қувватларини кенгайтириш, паром ва темир йўл паркларини кенгайтириш, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш, юклар билан ишлаш ва чегаралардан ўтиш учун рақамли ечимларни жорий қилиш муҳимлигини қайд этдилар. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш ЕИнинг “Глобал дарвоза” ташаббуси мақсад ва вазифаларига тўлиқ мосдир.

Ўзбекистон томони ўзаро боғлиқликни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган Термиз—Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон томони хорижий, шу жумладан, ЕИ компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш учун зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар Ўзбекистон учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган ЕИнинг молиявий-техник кўмагига доир кўп йиллик индикатив дастури тасдиқлангани ва амалга оширилиши бошланганини олқишлади.

Улар рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт, энергетик самарадорлик ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мавжуд салмоқли салоҳиятдан фойдаланиш, шу жумладан Европанинг илғор тажрибасини жорий қилиш ва ушбу соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Ўзбекистоннинг сув-экология масалалари, шу жумладан, БМТнинг Оробўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасини ташкил этиш борасидаги ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Евроиттифоққа миннатдорлик билдирилди. Унинг фаолиятини давом эттириш муҳимлиги борасида томонларнинг фикри якдил.

Таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни, шу жумладан Erasmus+ ва Horizon Europe дастурлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда чуқурлаштириш муҳим экани таъкидланди. Томонлар касбий таълим бўйича DARYA биринчи минтақавий лойиҳанинг амалга оширилишини олқишлади.

Ўзбекистон томони 2023 йилда Ўзбекистонда ЕИ—Марказий Осиё биринчи туризм форумини ўтказишни таклиф қилди.

Минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шу маънода, Афғонистоннинг минтақавий ва халқаро хавфсизликка сурункали таҳдидлар манбаига айланишига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилди.

Қиш даврида яқинлашиб келаётган гуманитар фалокатнинг олдини олиш, жумладан, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш хавотир уйғотаётган биринчи галдаги масала сифатида қайд этди.

Томонларнинг ўзаро мажбуриятларини бажариш алгоритмини тезда келишиш мақсадида Ўзбекистон томони ўзининг Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокаралар олиб бориш учун халқаро гуруҳ тузиш ташаббусини алоҳида қайд этди.

Узоқ муддатли барқарорликка эришиш учун Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи ҳамда инсон, шу жумладан хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги юзасидан муштарак фикрлар билдирилди.

Якунда Президентлар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқотни ва шерикликликни мустаҳкамлашга, шунингдек, Марказий Осиёни тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт минтақасига айлантириш мақсадида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва халқаро ҳуқуқнинг асосий нормаларига риоя қилиш принциплари асосида минтақавий кооперация ва ўзаро боғлиқликни янада кенгайтиришга кўмаклашишга интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Шарль Мишель Қозоғистон президенти таклифига биноан Остонада 26—27-октябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувида иштирок этганди. Учрашув тугагач Ўзбекистонга йўл олиши айтилганди.

Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Янгиликлар14:14 | 26.11.22
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди
Янгиликлар12:13 | 26.11.22
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди