«Фақат кучлилар хатосини тан олади». Алишер Қодиров украиналик журналистнинг кечирим сўрагани ҳақида
Украиналик журналист Дмитрий Гордон Ўзбекистонда Эрон дронлари ишлаб чиқарилаётгани ҳақида айтганида хато қилганини тан олганди. «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegramʼдаги канали орқали ҳолатга изоҳ берди.

«Афсуски, хатолар — миллионлаб айбсиз инсонларни азоблаябди. Бу жуда ачинарли. Фақат кучлилар хатосини тан олади ва узр сўрайди. Дўст Украинага тезроқ тинчлик қайтишини тилаймиз», — деб ёзади Алишер Қодиров.
Украиналик журналист Ўзбекистон ҳудудида Россия армияси учун Эрон дронлари йиғилаётганини айтиб, бизнесмен Леонид Невзлиндан Исроил Ўзбекистонга зарба бериши мумкинми дея сўраганди. Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси мазкур хабарни рад этган.
«Миллий тикланиш» партияси раиси украиналик журналист Дмитрий Гордон Ўзбекистон ҳақидаги гаплари учун кечирим сўраши кераклигини таъкидлаган. Ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ Украина ҳукуматидан мамлакатга нисбатан асоссиз маълумотлар тарқатилганига чора кўришни сўраган.