Иркутскда турар жой биносига қулаган Су-30 учувчилари парвоз вақтида ҳушини йўқотган — Тергов қўмитаси
Кислород баллонларини тайёрлашда хатоликка йўл қўйилган бўлиши мумкин
Иркутск шаҳрида ҳалокатга учраган Су-30 ҳарбий самолётининг учувчилари парвоз вақтида ҳушини йўқотгани сабаб алоқага чиқмай қўйган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.

«Шу сабабли тергов бортдаги кислород ускуналари тизимининг носозлиги версиясини текширмоқда, бунинг оқибатида иккала учувчи ҳам бошқарувда назоратни йўқотган бўлиши мумкин», дейилади қўмита хабарида.
«РИА Новости» манбаларига кўра, носозлик ердаги ходимлар парвозга кислород баллонларини тайёрлашда хатоликка йўл қўйгани сабаб юзага келган бўлиши мумкин — бу баллонларда азот қолган.
23 октябрь куни Россияниниг Иркутск шаҳрида Су-30 ҳарбий самолёти икки қаватли уй устига қулаганди. Синов парвози давомида ҳалок бўлган учувчилар тўғрисида маълумот берилган: учувчи Максим Конюшин Россияда хизмат кўрсатган синовчи-учувчи бўлган, майор Виктор Кюков эса иккинчи тоифали ҳарбий учувчи, учинчи тоифали синовч-учувчи.
Аввалроқ Россиянинг Краснодар вилояти Ейск шаҳрида ҳам ҳарбий самолёт аҳоли яшаш жойига қулаганди. Кейинроқ Россия Тергов қўмитаси Ейскдаги самолёт қулашининг асосий сабабини маълум қилган.