Ўзбекистон миллий кутубхонаси 1 ноябрдан туну кун ишлашни бошлайди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси 1 ноябрдан тест режимида туну кун ишлашни бошлайди. Бу ҳақда кутубхона директори Умида Тешабоева маълум қилди.

Қайд этилишича, 24 соатлик режимда бутун кутубхона эмас, балки биринчи қаватдаги, ўнг қанотда жойлашган «Электрон кутубхона»нинг 90 кишилик ўқув зали очиқ бўлади.
Тунги иш вақтида китобхонлар томонидан талаб қанчалик бўлиши кузатилади. Шундан келиб чиқиб, агар талаб катта бўлса, бошқа ўқув заллари ҳам кейинчалик тунги иш режимига ўтказилади.
Умида Тешабоеванинг қайд этилишича, 2019 йили Миллий кутубхонага тегишли қарор чиққанида тунги иш вақтига ўтилган — соат 08:00 дан 21:00 га қадар.
«Кечқурун соат 21:00 дан эрталабки соат 08:00 қадар бўлган китобхонларнинг қатновини ўрганганмиз. Тунги иш вақтига ўтиб ишлаш қийин эмас, лекин бунда самара бўладими? Қанча китобхон (кечаси) бўлишини ўрганганмиз. Июль, август, сентябрь ва декабрь ойларида энг кўп китобхон ташриф буюрган. Яъни бу кириш имтиҳонларидан ва декабрдаги сессиядан олдин. Бошқа ойларда эса китобхонлар соат 16:00 дан 20:00 гача кўпроқ ташриф буюради», — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрда Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши режалаштирилгани тўғрисида хабар берилганди. У 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади.