Ҳафталик дайжест. Ўзбекистон халқидан узр сўраган журналист, газли ичимликнинг шов-шувли рекламаси, Кореядаги «қўрқинчли» кун

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Тошкент метросидаги қизнинг сумкасида бомба борлигини айтиб, ҳазиллашгани, Наманганда мактаб ўқувчиларининг оммавий жанжал уюштириши, пойтахтдаги Ғафур Ғулом боғи атрофидаги машмашалар-у, Эрондаги мақбарада содир бўлган отишма билан эсда қолган ҳафта ҳам якунига етди. Қуйида ортда қолган ҳафтада содир бўлган энг муҳим воқеалардан иборат дайжест билан танишишингиз мумкин.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

Ҳафта ҳазили ёхуд сумкасида бомба борлигини айтган қиз ҳибсга олинди

24 октябрь. Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида 19 ёшли қиз сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашгани учун ҳибсга олинди. Маълум қилинишича, бекатда фаолият юритаётган хавфсизлик хизмати ходимлари сумкасини текширмоқчи бўлганида қиз уларга сумкасида бомба борлигини айтган. Шундан сўнг, ИИВнинг махсус гуруҳи чақирилиб, қиз ҳибсга олинган. Сумкаси текширилганида эса ундан портловчи қурилма топилмаган. Ундан ёлғон гапирганининг сабаби сўралганда, шунчаки кайфияти яхшилиги ва шунинг учун ҳазиллашганини маълум қилган.

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

Қизнинг ҳазили қимматга тушган. У суд қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 199-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Наманганда мактаб ўқувчилари машҳур бўлиш учун оммавий жанжал уюштирди

24 октябрь. Наманган вилояти Косонсой туманидаги 50-мактаб ўқувчилари ижтимоий тармоқда машҳурликка эришиш мақсадида оммавий жанжал юзага келтиришди. Улар жанжални видеога олишган ва Тик Ток тармоғига жойлаштиришган. Ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ва туман халқ таълими бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистонда таълим тизими ходимлари учун икки янги кўкрак нишони таъсис этилди

25 октябрь. Ўзбекистонда «Олий таълим аълочиси» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» кўкрак нишонлари таъсис этилди. Мукофот билан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида фидокорона хизмат қилаётган фуқаролар рағбатлантирилади. Қайд этилишича, «Олий таълим аълочиси» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» кўкрак нишонлари мукофотланган шахсларга 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунида топширилади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларга бир марталик БҲМнинг тўрт баравари миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, бир шахс мукофот билан фақат бир марта тақдирланади.

Ғафур Ғулом боғининг очилиши яна кечиктирилди

26 октябрь. Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом боғи 24 октябрь куни очилиши режалаштирилган эди. Бироқ «очилганига» икки кун бўлган боғга одамлар киритилмаётгани, қоровул дарвозадан ҳеч кимни ичкарига киргазмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинди. Аввалроқ боғнинг номи ўзгариши ҳақида турли гаплар тарқалган ва Чилонзор туман ҳокимининг маслаҳатчиси боғ номи ўзгармаслиги, уни ўзгартириш учун ҳеч қандай ариза келиб тушмаганини айтганди.

Кейинроқ, 27 октябрь куни боғнинг «чет эллик» инвестори Мирзажонов ва унинг ўринбосари Мирзаулуков иштирокида ўтказилган учрашувда тадбиркор «Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилиши»ни ва «боғнинг номини ўзгартириш учун ҳеч қандай эҳтиёж йўқлиги»ни маълум қилган. Унинг Dream Park ёки «Орзулар боғи» номларидан фақат савдо белгиси ўрнида фойдаланилиши айтилган.

Ҳафта рекламаси

26 октябрь. Ижтимоий тармоқларда газли ичимликни реклама қилаётган қизларнинг беҳаё хатти-ҳаракатларни амалга ошираётгани тасвирланган видео тарқалди. Маълум қилинишича, тарқалган видео 2022 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган «Авто— Шоу» тадбири қатнашувчилар томонидан видеотасвирга олинган ва ижтимоий тармоқда жойлаштирилган.

Кейинроқ маълум қилинишича, 2022 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Бектемир туманида жойлашган савдо мажмуаси олдида ўтказилган «Дрифт шоу» тадбирида реклама фирмаларидан бири ичимлик сувининг рекламаси учун икки нафар қизни ёллаган. 1993 ва 1985 йилда туғилган қизлар тадбир давомида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиб, жамоат тартибини бузган.

Ҳафта узри

27 октябрь. Украиналик журналист Дмитрий Гордон исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан суҳбати давомида Россия томонидан Украинада қўлланилаётган Эрон ҳарбий дронлари Ўзбекистонда йиғилаётгани ҳақида гапирди. Унинг гапи тез орада ижтимоий тармоқлада тарқалди.

Бунга нисбатан биринчи бўлиб «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров муносабат билдириб, Гордонни асоссиз гаплари учун узр сўрашга мажбур қилиш кераклигини айтди. Шундан сўнг Мудофаа саноати қўмитаси украиналикнинг бу гапига раддия берди. Ташқи ишлар вазирлиги эса Украина расмий ҳукуматидан «асоссиз ахборот тарқатилишига» нисбатан чора кўришни сўради.

Гордон ўзининг кейинги видеосида Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштириб юборганини айтиб ўзбекистонликлардан узр сўраган. Якшанба, 30 октябрь куни эса Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот бериб, мамлакат «учинчи давлатларга ҳарбий қурол экспорт қилмаслиги»ни билдирди.

Тошкентдан Дубайга учаётган самолёт Эронга фавқулодда қўндирилди

27 октябрь. Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкентдан Дубайга учаётган самолётида авариявий ҳолат юзага келди. Оқибатда экипаж белгиланган манзилга яқин аэропорт — Эроннинг Шероз шаҳридаги аэропортга йўналишга қарор қилган ва самолёт соат 07:36 да мувафаққиятли қўндирилган. Кейинроқ маълум қилинишича, самолётнинг фавқулодда қўндирилишига экипаж аъзоларидан бирининг аҳволи ёмонлашиши сабаб бўлган.

Россиядаги корхоналардан бирида ишловчи ўзбекистонлик мигрантларга сафарбарликка чақирув қоғози келди

27 октябрь. Россиянинг Орлов вилоятида жойлашган «ЭкСити» чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишловчи ўзбекистонликларга сафарбарликка чақирув қоғозлари келди. Маълум бўлишича, чақирув қоғозлари бутун сменадаги 50 кишига келган бўлиб, уларнинг ярмини ўзбекистонликлар ташкил қилган. Мигрантлар 26 октябрь куни Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, нима учун сафарбарликка чақирилганини тушунмай, Президентга мурожаат йўллаган. Шундан сўнг улар қўйиб юборилган.

Кадр: YouTube

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрди

27 октябрь. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг Марказий Осиё—Европа Иттифоқи форматидаги биринчи мажлисида иштирок этиш учун 27 октябрь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига жўнаб кетди. Остона халқаро аэропортида давлат раҳбарини Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев шу куни Марказий Осиё— Европа Иттифоқи саммитида нутқ сўзлаб, Марказий Осиёдан Европа Иттифоқи бозорларига тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича бош вазир ўринбосарлари даражасида Марказий Осиё—Европа Иттифоқи Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини очиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрлиги билдирилган.

Иссиқхоналар табиий газдан огоҳлантиришсиз узиб қўйилишидан норози тадбиркорлар Тошкентда йиғилишди, Президент бунга эътибор қаратди

28 октябрь. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги иссиқхоналар табиий газдан огоҳлантиришсиз узиб қўйилишидан норози бўлган тадбиркорлар Тошкентда йиғилишди. Бундан хабар топган давлат раҳбари зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга тегишли топшириқ берди. Умурзоқов раҳбарлигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинган.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари масала билан умуман шуғулланмагани ва тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун жиддий танқид қилинган.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.

Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилган.

Европа Кенгаши раҳбари Ўзбекистонга келди

28 октябрь. Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель 27 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашуви якунланганидан сўнг Ўзбекистонга келди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев билан Шарль Мишель билан «Кўксарой»да тор доирада учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласи ва ушбу соҳада Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон томони 2023 йилда Ўзбекистонда ЕИ—Марказий Осиё биринчи туризм форумини ўтказишни таклиф қилди.

Шарл Мишел ташриф давомида қатнашган кейинги расмий тадбир «Кўксарой» қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экиш бўлди. Қайд этилишича, 28 октябрь куни олий мартабали меҳмон Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги янги офиси очилишида иштирок этган ҳамда Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий обидалари билан танишган. Шу билан Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг мамлакатга ташрифи якунланган.

Танзила Норбоева Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

28 октябрь. Россия Федерал мажлиси Федерация кенгаши раиси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевани «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Фото: Sputnik

«Сиз Россиянинг азалий, самимий дўстисиз ва ушбу юксак мукофот сизнинг тинимсиз виждонан меҳнатингизга муносиб баҳо, Россия—Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангиз эътирофи бўлиб хизмат қилади», — дейди Матвиенко.

Ўз навбатида Олий Мажлис Сенати раиси ҳам мукофотга лойиқ кўрилганига муносабат билдирди.

«Бу мен учун катта шараф. Россия президенти Владимир Путинга самимий миннатдорлик сўзларимни билдирмоқчиман ва ушбу орденни, албатта, оқлаймиз», — дейди Норбоева.

Якунига етган ҳафтада дунёда нималар содир бўлди?

Ҳафта тайинлови

25 октябрь. Риши Сунак Буюк Британиянинг янги бош вазири сифатида тайинланди. Лиз Трасснинг истеъфосидан кейин Буюк Британия ҳукумати раҳбари бўлиш учун номзодлар пойгасидан собиқ бош вазир Борис Жонсон ҳамда яна бир номзод Пенни Мордант чиқиб кетганидан сўнг консерваторлар партиясидан Риши Сунакдан бошқа даъвогар қолмади. Шундай қилиб, мамлакат ҳокимияти тепасига тарихда биринчи марта этник ҳинд келди.

Фото: «РИА Новости»

Эрондаги мақбарада содир бўлган отишмада 15 киши ҳалок бўлди

27 октябрь. Эроннинг Шероз шаҳридаги Шоҳ-Черох мақбарасига киришда қуролланган уч киши автоматлардан одамларга ўқ узди. Маълумотларга кўра, отишма оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилган.

Фото: Al-Monitor

IRNA агентлигининг гувоҳлар сўзларига таяниб ёзишича, соат 17:45 ларда ҳужум уюштирган шахслар мақбара ҳудудига автомобилда кириб келган ва ўт очишга киришган. Полиция гумоналнувчиларнинг икки нафарини ҳибсга олган.

Сеулдаги Хэллоуин байрамида 151 нафар одам ҳалок бўлди

29 октябрь. Сеулнинг Итаевон майдонида шанба куни 100 минглаб одамлар Хэллуоин байрамини нишонлаш учун йиғилишди. Оломон орасида оёқ остида қолиш ва нафас етишмовчилиги оқибатида дастлаб 50 га яқин одам ҳалок бўлгани маълум қилинди. Кейинроқ, қурбонлар сони 151 нафарга етди. Яна 82 киши касалхонага ётқизилди. Ҳалок бўлганларнинг аксар қисми 20 ёш атрофида бўлгани ва уларнинг 97 нафарини эркаклар, 54 нафарини аёллар ташкил қилгани хабар қилинди.

Шунингдек, якшанба тонгида ҳодиса қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси буни тасдиқлади. Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик касалхонага ётқизилгани маълум қилинган. Шавкат Мирзиёев ҳодиса муносабати билан Жанубий Корея президентига ҳамдардлик билдирди.

Якунига етган ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Янги бошланаётган ҳафтада фақат яхши хабарлар ҳамроҳингиз бўлсин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Мақолалар2:17 | 10.12.22
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
Янгиликлар23:27 | 9.12.22
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Спорт22:59 | 9.12.22
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Янгиликлар22:45 | 9.12.22
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Янгиликлар22:00 | 9.12.22
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 40 фоизга ўсди
Янгиликлар21:31 | 9.12.22
Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 40 фоизга ўсди