Лондонда Сора Эшонтўраева ва жадидлар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма очилди

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида ўзбек драматургияси вакили Сора Эшонтўраева ҳамда жадидчилик ҳаракати аъзоларининг алоқалари ҳақида ҳикоя қилувчи фотосуратлар кўргазмаси очилди. Бу ҳақда «Uzdaily.com» хабар берди.

Фото: «Uzdaily.com»

Маълум қилинишича, очилиш маросимида 150 дан ортиқ одам қатнашган. «Ҳаёт ва таълим билан чамбарчас: Сора Эшонтўраева ва Совет Ўзбекистонидаги жадидчилик ҳаракати» номли кўргазмада Ўзбекистондан ташқарида олдин намойиш этилмаган 70 дан ортиқ тарихий фотосурат ва ҳужжатлар ўрин олган.

Фарғонанинг Бешбулоқ қишлоғида 1911 йил туғилган Сора Эшонтўраева Ўзбекистоннинг биринчи профессионал актрисаси эди. Унинг таҳсили 1925 йил Бухоро Халқ Совет Республикаси раҳбари Файзулла Хўжаев томонидан ташкил қилинган Москвадаги «Бухоро билим юрти» давлат институтида бошланган.

Хўжаев жадидчиларнинг кўзга кўринган намоёндаси бўлиб, ислом ва замонавийлик ўртасидаги туб уйғунликка ишонган, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун санъат ва илм-фандан фойдаланишга интилган зиёлилар гуруҳи аъзоси эди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида драматургия санъати жамоатчиликни тарбиялаш ва янги миллий ўзликни шакллантиришга ёрдам берадиган кучли воситани таклиф қилди. Эшонтўраева шу кучнинг тимсоли эди.

Аммо Сора Эшонтўраеванинг жадидлар билан алоқаси 1920 йилларнинг охирида, таниқли жадидлар совет ҳокимияти томонидан таъқибга учраганидан сўнг узилган. У учун мартаба кўтарилиши ўзини ҳимоя қилиш усули эди. Сора Эшонтўраева таниқли актёр Аброр Ҳидоятовга турмушга чиқади ҳамда иккиси театр ва кинода юлдузи сифатида пайдо бўлади.

Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраевалар Совет Иттифоқида санъат ва маданиятга қўшган ҳиссалари учун мукофотланган. Эшонтўраева Уилям Шекспирнинг «Отелло» асарида Дездемона ролида 400 та спектаклни ўйнаган.

Лондондаги ушбу кўргазманинг номи Дездемонанинг ўша асардаги дастлабки сатрларидан олинган бўлиб, Эшонтўраеванинг жадидлар билан ўз таълими ва ўзаро тажрибалари орқали қандай боғлангани қувончли ва фожиали бўлганига ишора қилади.

«Жадидлар ўз жамияти учун маданият ва таълимнинг янги шаклларини яратишга интилган модернист ислоҳотчилар эди. Россия инқилобидан кейин улар совет тузуми билан муносабатларини бузди. Илк ҳамкорликдан сўнг советлар жадидларни жамият ҳаётидан чиқариб юборди ва уларнинг хотирасини ўчириб ташлади. Ушбу кўргазма узоқ вақт яширин бўлган фотосуратларни очиб беради, бу мураккаб ва мафтункор тарихга ойна очади», — дейди Карлтон коллежи тарихчиси ва тарих мероси бўйича етакчи эксперт Адиб Холид.

«Ушбу фотосуратларни ‘Asia House’ галереясида бирлаштириш – бу парчаланиш лаҳзасидан кейин жадидчилик ғояларининг давомийлик ҳиссини қайта тиклашга уринишдир», – дейди кўргазма куратори Нилуфар Эдмондс.

«Аёл ва совет ўзбек халқи арбоби сифатида 1920 йилларнинг охиридан эътиборга тушар экан, Эшонтўраева ўзининг интеллектуал келиб чиқишини ва жадидлар билан бўлган қимматли алоқасини камайтиришга мажбур бўлди ёки ташқи дунёга шундай туйилди. Мажбуран ўчиртирилгандан сўнг ўз ўтмишини тиклаш учун у карераси ҳақида гувоҳлик берувчи деярли барча фотосуратлар ва ҳужжатларни сақлаб қолди», — дея қўшимча қилди Эдмондс.

Кўргазмага қўйилган фотосуратлар ва ҳужжатлар, биринчи навбатда, Сора Эшонтўраеванинг набираси ва таниқли тарихчи Гога Ҳидоятовнинг қизи Нодира Ҳидоятова томонидан сақланаётган оилавий коллекциядан олинган. Ҳидоятованинг фикрича, кўргазма ўзига хос. Чунки у Ғарб учун Ўзбекистон аҳолиси мустақил ва замонавий давлатнинг бир қисми бўлиш нима эканлигини қайта англаётгани ҳақидаги тушунчани беради.

«Кўргазма ўзбек халқи тарих китобларда бўлмаса ҳам, қалбида сақлаган сиймолар ҳақида ҳикоя қилади», — дея қўшимча қилди у. Кўргазма очилишида нутқ сўзлаган Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов ҳам шундай фикрларни билдирган.

«Жадидларнинг миллий тикланиш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳақидаги илғор ғоялари, умуминсоний инсонпарварлик қадриятларига асосланган жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бугунги замонавий Ўзбекистон учун муҳим илҳом манбаи бўлди. Шу боисдан Эшонтўраева каби сиймолар ҳақидаги тушунчамизни чуқурлаштиришнинг аҳамияти катта. Умид қиламизки, британиялик академик ва тадқиқотчилар Ўзбекистон тарихидаги ушбу ўзгаришлар даврини ўрганишга ўз ҳиссаларини қўшадилар», — деди Саид Рустамов.

2022 йилнинг апрель ойида Озбекистон миллий банкининг Тошкентдаги Тасвирий санъат галереясида Хидоятова ўзининг кенг оилавий коллекциясининг бир қисмини намойиш этди. Кўргазмага ҳомийлик қилган Bourse & Bazaar Foundation компанияси бош директори Асфандиёр Батмангелиж илк бор Эшонтўраеванинг ҳикоясини шу ерда билиб қолди.

«Тўпламнинг тарихий ва маданий аҳамияти менга шу заҳотиёқ аён бўлди ва мен Эшонтўраева ва унинг жадидлар билан алоқаси ҳақидаги ҳикояни Ўзбекистонни бугунги кунда қандай ривожланаётгани ҳақида фикр юритишнинг кучли усули сифатида кўрдим. Мен Лондонда кенгайтирилган кўргазма ташкил қилишимиз мумкинлигидан фахрланаман», — деди Батмангелиж. Bourse & Bazaar Foundation Лондон кўргазмасининг муваффақиятини мустаҳкамлаш учун бошқа институтлар билан ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда.

«Кўргазма доирасида биз диққатга сазовор, музей сифатига эга каталог ҳам тайёрладик. Бизнинг режамиз – бу каталогни ўзбек тилига таржима қилиш орқали жадидлар бўйича тадқиқотларга оз бўлсада ҳисса қўшиш», — деб тушунтирди Батмангелиж.

«Ҳаёт ва таълим билан чамбарчас» 30 октябргача Лондоннинг Фитровия кўчасидаги Asia House’да намойиш этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Парижда Ўзбекистон маданиятига оид кўргазма очилгани ҳақида хабар берилганди. Кўргазмада 169 та экспонат билан биргаликда дунёдаги энг қадимийларидан бири ҳисобланган «Катта Лангар Қуърони» намойиш этилганди.

Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Янгиликлар15:11 | 30.11.22
Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
Янгиликлар14:47 | 30.11.22
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Янгиликлар14:33 | 30.11.22
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Янгиликлар14:22 | 30.11.22
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
«Спартак» собиқ футболчиси Амстердам аэропортида 115 кг кокаин билан қўлга тушди
Янгиликлар14:02 | 30.11.22
«Спартак» собиқ футболчиси Амстердам аэропортида 115 кг кокаин билан қўлга тушди
Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарада ноқонуний миграция билан шуғулланганлар ушланди
Янгиликлар13:44 | 30.11.22
Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарада ноқонуний миграция билан шуғулланганлар ушланди