Ўзбекистонда қамоқхоналардаги маҳкумларга ҳам давлат хизматлари кўрсатилади
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритиш тўгрисидаги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда қайд этилишича, жазони ижро этиш тизими фаолиятини рақамлаштириш, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларга электрон давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш орқали, маҳкумларнинг ҳуқуқлари таъминланишини халқаро ҳуқуққа босқичма-босқич мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.
Бунда маҳкумларнинг электрон давлат хизматлари, шу жумладан, нотариат хизматларидан фойдаланиши учун ЖИЭМ маъмурияти томонидан алоҳида хона ажратилади.
Мазкур хона веб-камера ҳамда жаҳон ахборот интернет тармоғига уланган компьютер техникаси билан жиҳозланади.