Россияда Telegram’га кириш чекланди
Россия Бош прокуратураси талабига биноан Роскомнадзор Telegram’га тегишли бўлган t.me доменини блоклади.
Роскомнадзор хабарида маълум қилинишича, бунга «Ахборот тўғрисида»ги қонуннинг 15.3-моддаси — тартибсизликлар, рухсат этилмаган ҳаракатларда иштирок этиш ва экстремизмга, шунингдек, сохта маълумотларга даъват қилувчи тақиқланган контентдан фойдаланишни чеклашни тартибга солувчи моддаси бузилгани сабаб сифатида кўрсатилган.
«Гап фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш, жамоат тартибини оммавий равишда бузиш, транспорт ва ижтимоий соҳа объектлари фаолиятига аралашиш ёки уларнинг иш жараёнини тўхтатишни келтириб чиқарадиган ишончсиз маълумотлар ҳақида бормоқда», — дейилади хабарда.
Шунингдек, t.me домени Россия Федерасиясида Украина қуролли кучларининг Россия қуролли кучлари ҳарбийларига таслим бўлиш таклифи билан мурожаати эълон қилингани сабабли блоклангани ҳам келтириб ўтилган.