Самарқанддаги ОТМ талабаларининг дарслари ноябрь ойида тўхтатилиши юзасидан маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида 11 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити муносабати билан ноябрь ойида шаҳардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга жавоб берилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати бу бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, ноябрь ойида Самарқанддаги барча ОТМ талабаларига дарслардан жавоб берилиши ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу ҳолат бўйича расмий маълумот бўлса, қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.
Аввалроқ Самарқандда сентябрь ойида ШҲТ саммити ўтказилиши сабабли ҳудуддаги барча ўқув муассасаларида дарс жараёни 19 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берилганди.