Сомалидаги Таълим вазирлиги биноси яқинида содир бўлган портлашда 100 киши ҳалок бўлди
Сомали пойтахти Могадишудаги Таълим вазирлиги биноси олдида бомба ўрнатилган икки автомобилнинг портлаши оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлди, 300 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, портлашларнинг биринчиси Могадишудаги Таълим вазирлиги биноси яқинида жойлашган гавжум чорраҳада, иккинчиси эса тез ёрдам машиналари етиб келган ва одамлар жабрланганларга ёрдам бериш учун тўпланган пайтда содир бўлган. Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Могадишунинг Ходан тумани полицияси бошлиғи ва тележурналист Муҳаммад Исса Кун ҳам борлиги айтилган. Портлаш тўлқини яқин атрофдаги деразаларни синдириб юборган.
«Қурбон бўлган халқимиз орасида… қўлида фарзандини кўтариб олган оналар, соғлиғи ёмонлашган оталар, ўқишга юборилган талабалар, оилалари ҳаёти учун курашаётган тадбиркорлар бор эди»,— дейди мамлакат президент Ҳасан Шайх Муҳаммад.
Портлашни ҳозирча ҳеч бир ҳаракат ёки ташкилот ўз зиммасига олмаган, бироқ президент «Аш Шабоб» исломий гуруҳини айблаган. «Аш Шабоб» одатда кўп сонли қурбонларга олиб келадиган ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишдан қочади.
Бундай ҳужум Сомалида 2017 йилнинг октябрида ҳам ҳудди шу ерда содир бўлиб, унда 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Ўшанда K5 чорраҳасида, ҳукумат идоралари, ресторан ва киосклар билан ўралган гавжум меҳмонхона олдида юк машинаси портлаган.
Давлат раҳбарининг айтишича, қурбонлар сони ортиши мумкин. У ҳукуматга жароҳатланганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиядаги кўмир шахтасида портлаш юз берганди. Бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 кишига етганди. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Туркия президентига кўмир конидаги портлаш муносабати билан таъзия билдирганди. Портлаш бўйича айбдор деб гумон қилинган 25 киши ҳибсга олингани айтилганди.
Шунингдек, Истанбулдаги турар жой биносида содир бўлган портлашда уч киши ҳалок бўлганди. Ҳалок бўлганлар орасида икки Ўзбекистон фуқароси бўлгани, яна бир нафари касалхонага ётқизилгани маълум қилинганди.