Ўзбекистонда олий маълумотли аёллар бир оилага икки нафар фарзанд етарли деб ҳисоблайди
Ўзбекистонда олий маълумотли аёллар бир оилага икки нафар фарзанд етарли деб ҳисоблайди. Бу ҳақда «Оила ва хотин-қизлар» илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураимов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, таҳлиллар жорий йилнинг 8 августдан 15 сентябрга қадар барча ҳудудларда, 15 та шаҳар, 33 та туман ва 204 та маҳаллада ўтказилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистондаги аёлларнинг 47,3 фоизи 4 нафар, 38,6 фоизи 3 нафар фарзандли бўлишни режалаштиришган. Ҳар еттинчи хотин-қизлар (15,3 фоиз) 2 нафар фарзанд битта оила учун етарли деган фикрда. Бундай жавоб кўпроқ олий маълумотли аёлларда қайд этилган.
Шунингдек, Хотин-қизларнинг 64,4 фоизи ҳомиладорликдан сақланиш тўғрисида етарли даражада, 13,1 фоизи қисман хабардор, 22,5 фоизи умуман маълумотга эга эмас. Ҳар ўнинчи ҳолатда (9,3 фоиз) кузатилган исталмаган ҳомиладорлик ҳимояланиш воситалари тақчиллиги туфайли юзага келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда бир оилага нечта бола тўғри келаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг май ойида республикада 70 467 нафар чақалоқ туғилгани ҳақида хабар берилганди.