Бугун оқшоми.Узилиш юзага келган онлайн тўловлар, битмасидан қулаган бино, фоҳишахонага айлантирилган балиқхона

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Қирғизистон Жокоргу Кенгеши Ўзбекистон билан чегара масаласидаги келишувни тасдиқлади

Қирғизистон жамоатчилигида турли қарама-қарши фикрларни келтириб чиқарган, Ўзбекистонда эса ҳалигача бирор расмий маълумот ёки тушунтириш берилмаган Қирғизистон-Ўзбекистон чегара масаласи бўйича келишувлар Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан маъқулланди.

Фото: «Бишкек24»

Икки мамлакат ўртасидаги келишувларга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон Кампиробод сув омборини бошқариш юзасидан қўшма корхона ташкил этади. Унда иккала томондан бир хил, 12 нафардан вакил иштирок этади. Қўмита йиғилиши ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиб, унда парламентнинг 7 нафар аъзоси келишувни қўллаб-қувватлаган, тўрт киши эса овоз бермаган. Энди икки давлат президентлари имзо чекиши ҳамда ҳужжатни кўриб чиқиш ва ратификация қилиш учун парламентга юбориши керак бўлади.

Ўзбекистонда бир ойда уй-жой ижараси нархи 16,1 фоизга ошди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг октябрь ойида уй-жой ижараси нархи 16,1 фоизга ошди. Энг катта ўсиш кутилганидек пойтахтда кузатилган. Тошкентда ижарачилар уй-жой учун сентябрдагига қараганда 51,6 фоиз ёки қарийб бир баравар кўпроқ тўлашига тўғри келган. Энг паст ўсиш кўрсаткичи эса Хоразмда — 1 фоиз.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, мамлакатда уй-жойларни ижарага бериш хизматлари нархлари йил бошидан буён ўртача 20,9 фоизга ошгани кузатилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 24,2 фоизга ошган.

Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушди

Ҳиндистонда қайта очилганига тўрт кун бўлган кўприк 30 октябрь куни қулагани ҳақида ёзган Ўзбекистон ОАВлари орадан 2 кун ўтиб Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушгани ҳақида хабар бермоқда. Маълум қилинишича, 31 октябрь куни Бухоро шаҳар Дўстлик маҳалласи, Турди Фароғий кўчасидаги қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бино том қисмига меъёрдан ортиқ юк ортилгани оқибатида регил плиталари қулаган. Объектда ишлаётган Жондор туманида яшовчи 49 ёшли фуқаро жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.

Самарқанддаги қамоқхонада аҳволи ёмонлашган эркак шифохонада вафот этди

Самарқандда фарзандларига алимент тўламагани учун 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эркак вафот этди. Қайд этилишича, Оқдарё туманида яшаган фуқаро Б.Р. Паяриқ тумани судининг 2021 йил 3 февралдаги суд буйруғига асосан 2 нафар фарзанди вояга етгунигача алимент тўлаши белгиланган бўлсада, 2021 йил февраль ойидан 2022 йил октябрь ойига қадар 23 миллион 499 минг сўм алимент пулларини тўламасдан келганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг қарори билан унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 25 октябрь куни уни маъмурий қамоқ жазоси тайинланганларни сақлаш учун мўъжалланган махсус қабулхонага олиб боришганда, тутқаноғи тутиб йиқилиши оқибатида қабулхона ичидаги девор қиррасига бошини уриб олган ва жароҳатланган.

Фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган. Махсус қабулхонага қайтариб олиб келингандан сўнг ҳам ўзига-ўзи гапириб, руҳий ҳолатида бузилиш кузатилган. Шундан сўнг қабулхона бошлиғининг хатига асосан вилоят руҳий касалликлар шифохонасига юборилган. Б.Р. 28 октябрь куни Ургут туманидаги вилоят руҳий касалликлар шифохонасида вафот этган.

Ўзбекистонда онлайн тўловлар қабул қилиш тўхтатилди

Ўзбекистонда 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн назорат-касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради. Шунингдек, Payme тўлов тизими Ўзбекистонда чакана савдо соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани муносабати билан тўлов хизматларини жойида, QR-код орқали, Telegram каналларида амалга ошириш вақтинча ўчириб қўйгани маълум қилинган. Бу бўйича Давлат солиқ қўмитаси ҳам муносабат билдирган. «Bugun.uz» эса ушбу янгиликка нисбатан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муносабатини жамлади. Кечроқ, QR-кодли тўловлар, Payme-Go ва бошқа онлайн тўловлар фаолияти қайта тиклангани маълум қилинган.

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилди

Россиянинг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.

Бунда фақатгина талабанинг доимий яшаш ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош, турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган йўналишларгагина кўчиришга рухсат берилади. Масалан Наманганда доимий рўйхатдан ўтган талаба ўқишни Тошкентдаги ОТМга кўчира олмайди.

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар 1 ноябрдан бошлаб «my.dtm.uz» сайтида онлайн қабул қилинади. Ариза топширувчилар истисно тариқасида фанларда фарқлар кўп бўлса ҳам ўзи ўқиётган курсдан таҳсилни давом эттириши белгиланган.

Талабаларнинг ҳақиқатда муайян ОТМда таҳсил олганлигини текшириш 2022 йил 25 ноябрдан 15 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади

Андижонда балиқхонани фоҳишахонага айлантирганлар қўлга олинди

Андижон вилояти Улуғнор туманида балиқхона ниқоби остида фоҳишахона ташкил этганлар қўлга олинди.

Қайд этилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ҳамда Улуғнор тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида тумандаги умумий овқатланиш шохобчаси ниқоби остида қўшмачилик фаолияти билан шуғилланиб келаётганлар аниқланган.

Туман ҳудудидаги балиқхонада иш юритувчи бўлиб ишлаб келаётган 44 ёшли аёл 19 ёшли аёлнинг 200 минг сўм эвазига фоҳишалик билан шуғулланишига шароит яратиб берган вақтида рейд тадбири иштирокчилари ашёвий далиллар билан қўлга олган.

Дунёда нима гап?

Ҳиндистонда Морби кўприги қулаши бўйича 9 киши ҳибсга олинди

Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Морби кўприги қулаши бўйича 9 киши ҳибсга олинди. Қайд этилишича, уларнинг барчаси кўприкни бошқариш бўйича шартнома тузган фирмага алоқадор бўлган. Ҳибсга олинганларнинг тўрт нафари Морби шаҳридаги кўприкни бошқариш бўйича шартнома тузган фирма ходимлари бўлган бўлса, икки нафари менежер, икки киши эса чипталарни бронь қилиш билан шуғулланган.

Қолган беш айбланувчи орасида тузилмани таъмирлаш учун шартнома тузган икки киши, шунингдек, кўприкдаги хавфсизлик хизмати ходимлари бор. Маълумот учун, 30 октябрь куни содир бўлган ҳодиса 141 кишининг ҳаётига зомин бўлганди.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Янгиликлар10:14 | 4.12.22
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди