Бугун оқшоми. Мирзиёевга йўлланган илтимоснома, киберҳужумга учраган Сенат сайти, масжид гумбазларига илинган қасос қизил байроқлари

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Кампир Обод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара келишувлари марказида бўлган Кампир Обод сув омбори масаласи қирғизистонлик бир гуруҳ фаолларнинг эътибор марказида бўлиб турибди. Сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси Ўзбекистон президентига ушбу келишувни имозлашни кечиктириш илтимоси билан мурожаат йўллади. Унга кўра, фаоллар икки мамлакат чегарасини делимитация ва демаркация қилишда муаммоли нуқталар борлигини тан олган ҳолда, келишув доирасидаги айрим ҳужжатлар ўрнатилган қонунлар, конституциявий нормалар, Қирғизистоннинг сувиренитети ва демократик ютуқларини қўпол равишда бузишини таъкидлаган.

Улар буни мамлакат парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича тегишли қўмитасининг фақатгина иккита йиғилиши ўтказилгани, муҳокама ёпиқ режимда бўлгани, депутатларга ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилмагани билан изоҳлашган. Қўмита аъзолари келгусида чегарадаги янги можарога йўл қўймаслик учун бу масалани жамоатчилик билан муҳокама қилиш керак деб ҳисоблашларини маълум қилишган.

Музработ тумани собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Музработ туманининг 2022 йил сентябрь ойида лавозимидан озод қилинган собиқ ҳокими Эркин Алимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Маълум қилинишича у тумандаги 1,7 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошлари номига расмийлаштириб берган.

Шунингдек, унинг қариндошларига тумандаги банклар томонидан 166 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги муаммоли кредитга айланган. Ҳозирда банк муассасалари томонидан ўз вақтида ундирилмаган 121 миллиард 406 миллион сўм кредит маблағларини ундириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари собиқ ҳоким 2010-2017 йилларда раҳбарлик қилган «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖ тафтиш қилинганда 35 миллиард сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилингани аниқланган. Бу бўйича АЖнинг 20 дан ортиқ масъуллари тергов қилинганда, улар Алимовга нисбатан кўрсатма берган.

Самарқанд аэропорти яна ёпилади

Самарқанд халқаро аэропорти Туркий давлатлар ташкилоти саммити муносабати билан 8-11 ноябрь кунлари вақтинчалик ёпилмоқда. Ташкилотга аъзо давлатлар президентлари ва ҳукумат раҳбарлари учрашувидан аввал иқтисодиёт ва ташқи ишлар вазирларининг ҳам учрашуви режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, ушбу аэропорт 2022 йилнинг 14-16 сентябрь кунлари ШҲТ саммити доирасида ҳам вақтинчалик фаолият кўрсатмаганди.

Тошкентни яна сув босди

Ўзбекистонда 2 ноябрь куни кузатилаётган ёмғир оқибатида турли ҳудудларда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар яна кўзга ташланиб қола бошлади. Хусусан, Тошкентда ёмғирдан сўнг аксар йўлларни сув босди. Шаҳар ҳокимлиги бунга аҳолининг чиқиндиларни белгиланган жойларга эмас, сув йўллари, ариқ ва дренаж тизимларига ташлаб кетиши сабаб бўлганини айтди.

Шунингдек, ёмғирдан кейин мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам дарё ва сойлар ўзанларининг тўлиб оқиши, айрим ҳудудларда сув тошқинлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

«Киберхавфсизлик марказига саломлар» ёхуд Сенат сайти «ҳужум»га учради

Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти «Marsh Golden» хакер(лар)и томонидан бузиб кирилди. Сайт киберҳужумга учраб, бузиб кирилгандан сўнг, фақатгина «Киберхавфсизлик марказига саломлар» ҳамда «Тизимингиз ‘Marsh Golden’ томонидан бузилди» ёзуви қолдирилган. Шунингдек, «Marsh Golden» Telegram’даги саҳифасида бу ишни давлат ёки Сенат сайтининг устидан кулиш учун эмас, тизимдаги заифликни кўрсатиб бериш мақсадида қилганини ёзган. Сенат сайти ишламай қолгач, унинг суб-домени ишга туширилган.

«Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади» — Сардор Умурзоқов

Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида 2022 йилнинг 2 ноябрь куни халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги мактаблардан бирида ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс берилаётгани танқид остига олинди.

Маълум қилинишича, тумандаги оддий мактаблардан бирини ихтисослаштирилган мактабга айлантириш жараёнида бунга масъул бўлган шахслар вазифасига совуққонлик билан ёндашган. Вилоят ҳокимлиги томонидан янги мактаб очиш таклиф қилинган. Халқ таълими вазирлиги эса тегишли бино ва жиҳозлар билан таъминланганидан сўнг мактаб очилишига рухсат берган.

Ҳужжатли ишлар ва бинони тайёрлашга оид ташкилий масалалар ҳал қилингунча ўқувчилар 5-6 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур бўлган. Мактабнинг собиқ директори эса ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс бериш ташаббусини билдирган. Бироқ, уйларда дарс ўтаётган ўқитувчиларга маош берилмаган.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов ва туман ҳокими Бахтиёр Худойберганов бундан хабари бўлмаганини тан олган. Худойберганов бу ташаббус «ўзбошимчалик билан» ҳоким ўринбосари ва туман халқ таълим бўлими мудири томонидан амалга оширилганини айтган. Туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълим бўлими мудири ишдан олинган. Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилган.

«Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини», — дея таъкидлаган Сардор Умурзоқов.

Ўзбекистон бўйлаб Telegram’да узилишлар кузатилди

Ўзбекистон бўйлаб, 2 ноябрь куни соат 19:10 лар атрофида Telegram фаолиятида оммавий узилишлар кузатилди. Telegram қўллаб-қувватлаш маркази эса узилиш Telegram’нинг ўзидан кузатилмаганини, жамоа алоқани тиклашга ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бундан роппа-роса бир йил аввал, 2021 йилнинг 3 ноябрида Telegram ва яна бир нечта ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилганди. Бунинг ортидан «бир ёқлама» ва «узоқни ўйламай» амалга оширган хатти-ҳаракати сабаб «Ўзкомназорат» раҳбари Зияев Ғолибшер Мелибоевич вазифасидан озод қилинганди.

Дунёда нима гап?

Россия тўрт кун аввал чиққан келишувига қайтганини эълон қилди

Россия 29 октябрь куни Украина билан июль ойида тузилган «дон келишуви»дан чиққанини эълон қилганди. Орадан тўрт кун ўтиб, Мудофаа вазирлиги берган баёнотда мамлакат ушбу сулҳга қайтганини ва Қора Денгизда дон ортилган кемалар ҳаракати давом этишини маълум қилди. Тўрт кун аввал Россиянинг бу келишувдан чиқишига «Севастополдаги «дон йўлаги»да хизмат қилаётган кемаларнинг ўққа тутилиши» сабаб қилиб кўрсатилганди.

 

Эрон яқин 48 соатда Саудия Арабистонига ҳужум қилиши мумкинлиги айтилди

Саудия Арабистони разведка хизмати Эрон яқин 48 соат ичида Саудиядаги нишонларга зарба беришга тайёрланаётганини маълум қилди. Бунга жавобан АҚШ ва Саудиянинг Яқин Шарқдаги кучлари юқори шайлик ҳолатига келтирилган. АҚШ эса агарда бу содир бўлса жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирган. Эрондаги бир қанча масжидларда гумбаз тепасига қасос рамзи бўлган қизил байроқлар илинган. Охирги марта бундай байроқлар эронлик генерал Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганда кўтарилганди.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди
Янгиликлар8:14 | 27.11.22
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди
Ўзбекистонда 27 ноябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Янгиликлар7:33 | 27.11.22
Ўзбекистонда 27 ноябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди