Самарқандда «Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун» лойиҳаси тақдимот бўлиб ўтди

Самарқандда «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида Самарқандда «Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, тақдимотни Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси, филология фанлари фалсафа доктори Рустам Жабборов ўтказган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

Бутунжаҳон жамияти аъзоси Пайғамбар (с.а.в.)га нозил қилинган Қуръони Карим оятлари матни ҳижрий 10 (милодий 632) йилда тўла мукаммал бўлганини таъкидлаб, Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) халифаликлари даврида, яъни ҳижрий 11-13 йиллари Қуръон Карим оятларининг ўрама шаклдаги бир нусхасини кўчиришга қарор қилинганини таъкидлади.

«Учинчи халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) даврида, ҳижрий 25 йили катта бир гуруҳ назорати остида  Қуръони каримнинг ягона андоза нусхаси кўчириб ёзилди. Тери саҳифаларнинг иккала юзасига ҳам матн ёзилиб, барча саҳифалар муқова орасига олинди. Тери варақларга ёзилган Қуръон нусхасининг энг биринчи намунаси ҳазрати Усмонга нисбат берилиб, ‘Мусҳафи Усмон’ деб атала бошлади.

Уламолар Усмон (р.а.)  турли юртларга юборган Мусҳафларнинг сони тўғрисида ҳар хил фикрлар  айтганлар. Энг тўғриси уларнинг сони  олтита бўлган: Маккий, Шомий, Басрий, Куфий, Мадина аҳли учун умумий бўлган Маданий ва халифанинг ўзлари учун хос мусҳафлардур. Охиргисини ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзлари учун олиб қолганлар.

Хаттотлар ана шу мусҳафдан бир неча нусха кўчириб, Ислом етиб борган турли ўлкаларга юборилган. Бугунги кунда  Туркиядаги Топкари саройида, Турк ислом санъати музейида,  Мисрдаги Ҳусайн жомеъ масжидида ҳамда Миср Миллий кутубхонасида,  Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Шарқ қўлёзмалари институти ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси саройида сақланаётган нодир қўлёзмалар  Ҳазрати Усмон (р.а.)га тегишли мусҳафлар деб қаралади», дейилади тақдимотда.

Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар  нусхалардан бири «Катта Лангар Қуръони» номи билан аталадиган, бугунги кунда саҳифалари Санкт-Петербург, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида сақланаётган қўлёзмадир.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси — пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ўлчами 52,5х34,0 сантиметрни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлган  куфий-ҳижозий хатида битилган. Саҳифаларнинг айримлари жуда яхши сақланган, баъзиларига, айниқса саҳифаларнинг бурчакларига жиддий зарар етган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Ушбу матнларнинг асосий қисмини бироз дағалроқ шаклда, насх ва настаълиқ хатида битилган Қуръон оятлари ташкил этади.

«Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда,  бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган.  Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган деб тахмин қилиш мумкин. Кейинчалик матнга қизил сиёҳ билан тузатишлар киритилган, ўчиб кетган сўзлар ҳам худди шу рангдаги бўёқ билан қайта тикланган», деди Рустам Жабборов.

Таъкидланишича, бу нодир қўлёзма анча пайт мутахассислар диққат марказида бўлиб келди. 1998 йилда профессор Е.А.Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида The Qur’an and its World мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб,  у билан бирга Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби инстутутда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан билан айнан бир хил эди.

Қўлёзманинг ҳозиргача етиб келган энг катта қисми — 81 саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

«Ушбу китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессор  Ефим Анатольевич Резваннинг ёзилишича, ушбу қўлёзманинг яратилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг ‘Араб қўлёзмалари устида’ китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган. Кейинчалик Е.Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги  Шарқ қўлёзмалари марказида, биттаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида, 12 варағи  Катта Лангар қишлоғида сақланади», — дейилади хабарда.

Шарқшунослик институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада «Бақара” сурасининг 26-61  оятлари кўчирилган. Тарихий маълумотларга кўра, қора сахтиён жилд билан муқоваланган бу муборак саҳифа Бухоро амирлигининг сўнгги қозикалони Муҳаммад Шарифжон Махдум Садри Зиёнинг (1862-1932) шахсий кутубхонасидан келтирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садри Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг учинчи халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) замонасида кўчирилган китобга тегишли эканини айтилади.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида сақланаётган яна иккита саҳифада “Қасас” сурасининг 35-81 оятлари битилган бўлиб,  дастлаб  Бухорода 1860-1885  йилларда ҳукмронлик қилган Амир Музаффарнинг ўғли,  Ҳашмат тахаллуси билан шеърлар ёзган Муҳаммад Сиддиқ (1857-1927)нинг кутубхонасида сақланган.

Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида сақланаётган саҳифаларнинг чарм муқовасида муқовасознинг исми (Муҳаммад Носир) ҳамда 1255 (1839-1840) санаси ёзилган. Ушбу саҳифаларда «Нисо» ва «Анъом» сураларининг парчалари ўрин олган.

Маълумотларга қараганда, саҳифалар узоқ вақт давомида «Катта Лангар шайхлари» деб ном олган Ишқия тариқати намояндалари томонидан асраб келинган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш бошлангач, ушбу қўлёзанинг ҳам катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган. Тегишли идораларининг кўрсатмасига биноан Катта Лангар зиёратгоҳидаги тарихий буюмлар, қадимий қўлёзмалар ҳам мусодара қилинди. Шунда қишлоқ фаоллари томонидан қўлёзманинг 12 саҳифаси асраб қолинган. Орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик йилларида айнан ўша муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилди.

Қўлёзманинг яна бир саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланмоқда. Унда «Бақара» сурасининг 126-144 оятлари ёзилган.

Шунингдек, айни пайтда беш жойда сақланаётган ушбу саҳифаларда  оятлар бир-бирини такрорламаслиги, дастхат, хом ашё, хат тури ва матнга киритилган тузатишларнинг бир хиллиги уларнинг бир пайтлар  битта қўлёзма таркибий қисмлари бўлганидан  ёрқин далолат беради. Тахминларга кўра, қўлёзманинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.

2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг  намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775-995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф.Дерош ҳам тасдиқлайди.

Катта Лангардаги Қуръони Карим қўлёзмаси бу ерга қандай келиб қолгани ҳақида турли тахминлар илгшари урилади. Шуниси аниқки, муддат ушбу зиёратгоҳда сақланиб келган. XIX аср охирларида қўлёзманинг бир қисми номаълум сабабларга кўра, мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ва юқорида таъкидланганидек, 1936 йилда И.Ю.Крачковскийнинг қўлига етиб борган. Қўлёзманинг бошқа саҳифалари ҳар хил одамлар томонидан олиб кетилган. Хуллас бугунги кунда бу нодир китоб саҳифаларининг ярмидан кўпроғи қаерда, кимларнинг қўлида экани ҳамон сирлигича қолмоқда.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Янгиликлар17:08 | 5.12.22
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди