Самарқанддаги «Жартепа» чегара-божхона пости вақтинчалик ёпилади
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган «Жартепа» пости вақтинчалик ёпилади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 5-12 ноябрь кунлари Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг «Жартепа» чегара-божхона постида қурилиш ишлари олиб борилиши муносабати билан фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатланишига вақтинчалик чеклов ўрнатилади.
Маълумот учун, ушбу постда капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли 2022 йилнинг 5-16 сентябрь кунлари ҳам вақтинчалик чеклов ўрнатилган эди.
Бундан аввал эса коронавирус пандемияси тарқалиши ортидан республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрель куни қабул қилган 20-сонли йиғилиш баённомасига кўра ёпилган эди. 2021 йил 17 февралгача постдан фақат халқаро юк ташувчилар ҳаракатланишига рухсат берилган бўлса, шу вақтдан бошлаб, талабаларга ҳам постдан ўтишга рухсат берилганди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Зангиота—Қоплонбек автойўл ўтказиш пункти 2022 йил 1 ноябрдан 19 ойга ёпилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ унинг ёпилиш санаси ўзгарган.