Бугун оқшоми. 20 кишига ОИТС юқтирган қиз, пора билан қўлга тушган прокурор ёрдамчиси, Япония томон ракета учирган Шимолий Корея

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Андижонда ўқувчиларга ҳоким билан учрашганда «шукроналик» билан гапириш тайинланди

Андижонда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов суҳбатлашиш учун келаётгани муносабати билан Жалақудуқ туманидаги мактаблардан бирида ўқувчиларга ҳоким билан суҳбатда шукроналик билан жавоб бериш, электр ва газ каби оилавий муаммоларидан сўз очмаслик, кўзлари ёниб, кулиб туришлари кераклиги таъкидланди.

Фото: Telegram
Фото: Telegram

Уларга Telegram орқали берилган «тавсия»да ҳоким Андижон вилоятидаги барча мактаб ўқувчиларининг отаси эканлиги, шунинг учун у билан суҳбатда қўрқмай, уялмай кенг қамровли жавоб бериш сўралган.

Бунга нисбатан Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, масъулларни бундай аҳмоқона топшириқлар беришни тўхтатишга чақирган.

Вилоят ҳокимлиги вазирликнинг ушбу муносабатига раддия билдириб, «ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиши режалаштирилмаганини маълум қилган.

Ҳолатга нисбатан депутат Расул Кушербаев ҳам «Ҳалиям феодал замондамизми, деб ўйлаб қоласан киши: ҳоким халқни, ёшларни дардини эшитадиган раҳбар эмасми шунда?», дея ўз муносабатини билдирган.

Маълумот учун, шунга ўхшаш ёзилмаган қонунлар СССРда, Сталин даврида ҳам мавжуд эди. Масалан, Сталин нутқ сўзлаганидан сўнг қарсак чалаётган одамлардан ҳеч бири биринчи бўлиб тўхташни истамаган. Чунки, бу жуда хатарли бўлиб, ҳаммадан олдин қарсак чалишни тўхтатган одам диссидент деб ҳисобланиши мумкин эди. Ҳатто, бир гал одамлар 11 дақиқа давомида тўхтамай қарсак чалишганидан сўнг, қоғоз заводи директори чарчаб, жойига ўтириб олади. Ўша кеча у 10 йиллик гулагга ҳукм қилинади.

Шунингдек, Туркманистонда ҳам шунга ўхшаш қонун амалда бўлиб, унга кўра, ўқитувчиларнинг президент сиёсатини қўллаб-қувватлаши мажбурий этиб белгиланган.

Ўзбекистонда газдан қарздор иссиқхоналар олти ойгача пеня тўламаслиги белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга кўра, истисно тариқасида 2022 йилнинг 1 октябридан 2023 йил 1 апрелгача табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаган иссиқхона хўжаликлари 6 ойгача қўшимча пеня тўламайди.

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини ҳам бодикамера билан таъминлаш таклиф этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати тиббиёт ходимларига нисбатан бўлаётган қўпол муносабатларнинг олдини олиш учун уларни бодикамералар билан жиҳозлашни таклиф қилди. Таклифга кўра, эндиликда Жиноят кодексининг безориликни кўзда тутувчи нормасига ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир қилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш кераклиги таъкидланган.

Бундай турдаги жиноятни содир этганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлиги, шунингдек, «Тез ёрдам» машинасига йўл бермаслик учун жарима миқдори оширилиши ва тиббиёт ходимининг фаолиятига аралашганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Бухорода 20 нафардан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган 20 ёшли аёл уч йилга қамалди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2002 йилда туғилган аёл 20 нафардан ортиқ эркакка ОИТС юқтирди. Маълум қилинишича, у оиласи билан келишмовчилик сабаб уйидан чиқиб кетган ва тумандаги тунги клублардан бирида официант бўлиб ишлаган. Иш билан бир вақтда тунги вақтларда фоҳишалик билан ҳам шуғулланган. Соғлиғи ёмонлашгач, генекологга мурожаат қилганида ОИТСга чалингани маълум бўлган. Шунга қарамай, аёл касалини яшириб, фоҳишалик қилишда давом этган ва оқибатда 20 нафар эркакка ОИТС юқтирган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Тошкент вилоятида прокурор ёрдамчиси 1,5 минг доллар пора билан ушланди

Пискент тумани прокурорининг ўринбосари судда кўрилаётган жиноят иши юзасидан судланувчига енгилроқ жазо тайинланишини ваъда қилиб, эвазига 1,5 минг доллар олган вақтда ушланди.

Ҳолат юзасидан 2 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28, 211 (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистон ўртача иш ҳақи миқдори бўйича Марказий Осиёда учинчи бўлди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи давомидаги ўртача номинал иш ҳақи миқдори 3,72 миллион сўм ёки 335 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 24,9 фоизга кўп демакдир.

Ўртача иш ҳақи миқдори бўйича Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон (159 доллар) ва Қирғизистон (279 доллар) Ўзбекистондан қуйида жойлашган бўлса, Туркманистон (383 доллар) ва Қозоғистон (650 доллар) нисбатан юқори кўрсаткичга эга.

Ўзбекистонда спорт соҳаси талабалари учун янги стипендия жорий қилинди

Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда спорт соҳасида таҳсил олаётган талабаларни рағбатлантириш мақсадида Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий қилингани ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистонда крипто-дўконлар фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистонда крипто-дўконлар фаолияти йўлга қўйилади. Унга кўра, крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали крипто-активларни миллий ёки хорижий валютада сотиб олиш ёки сотишга рухсат берилади. Савдо объекти орқали эса крипто-активларни миллий ёки хорижий валютада сотиб олиш мумкин бўлади. Мижозлар томонидан эса крипто-активларни фақат миллий валютада сотишга рухсат берилади.

Шунингдек, мажбурий идентификациядан ўтказилмаган мижозлар билан амалга ошириладиган операциялар, Ўзбекистон резидентлари томонидан чиқарилган крипто-активлар билан операциялар, аноним крипто-активлар ҳамда ўзаро ўзгармас токенларни сотиб олиш ёки сотиш операциялари тақиқланган.

Дунёда нима гап?

Шимолий Корея Япония томон қитъалараро баллистик ракета учирди

Шимолий Корея Пхенян яқинидаги Сунан ҳудудидан 3 ноябрь куни тахминан соат 07:40 да қитъалараро баллистик ракета учирди. Ракета 760 километр масофани босиб ўтган ва парвознинг максимал баландлиги 1920 километрни ташкил этган. Ракета Япон денгизига қулаб тушган.

Япония расмийлари дастлаб ракета мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтганини айтган, бироқ кейинроқ бу содир бўлмаганига аниқлик киритган.

Бу мамлакатнинг 2022 йилда учирган еттинчи, май ойи охиридан бери биринчиси қитъалараро баллистик ракетаси бўлган. Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар маълумотларига кўра, Шимолий Корея бу йил бир нечта муваффақиятсиз ИCБМ синовларини ўтказган.

Шунингдек, Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея 3 ноябрь куни эрталаб соат 08:39 да Жанубий Пхёнан вилоятидаги Кечеондан иккита қисқа масофага учувчи баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган. Улар тахминан 70 километр баландликка кўтарилган ва парвоз масофаси эса 330 километрни ташкил этган.

2 ноябрь куни Шимолий Корея 20 га яқин ракета, жумладан, баллистик ракеталар ва 100 га яқин артиллерия снарядларини учирган. Расмий Сеулга кўра, Шимолий Корея 70 йил ичида биринчи марта Жанубий Кореянинг денгиз чегараси орқали ракета учирган.

Эрон ТИВ Саудия Арабистонига бўладиган ҳужум ҳақидаги даъволарни рад этди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг мамлакатнинг 48 соат ичида Саудияга ҳужум қилиши ҳақидаги даъволарни рад этди. Вазирлик бундай хабарларни тарқатишда «айрим Ғарб ва сионистик доиралар»ни айблаган. Бундан мақсад мамлакатга нисбатан салбий нохолис муносабат яратиш ва минтақа давлатлари билан муносабатлардаги мавжуд ижобий тенденцияларни йўқ қилиш эканлиги таъкидланган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Мақолалар2:17 | 10.12.22
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
Янгиликлар23:27 | 9.12.22
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Спорт22:59 | 9.12.22
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Янгиликлар22:45 | 9.12.22
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Янгиликлар22:00 | 9.12.22
Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашга бағишланган йиғилиш бошланди
Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 40 фоизга ўсди
Янгиликлар21:31 | 9.12.22
Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 40 фоизга ўсди