Бугун оқшоми. Навоийга фавқулодда қўнган самолёт, қамоққа олинган ҳоким, ўз ўғлини пичоқлаган ота

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Қозоғистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди

Қозоғистонда 5 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 05:08 да зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Тошкентдан 41 киломтер шимоли-ғарбда жойлашиб, ер юзасидан 15 километр чуқурликда содир бўлган. Зилзилани Ўзбекистон ҳудудида асосан Тошкентда яшайдиганлар аниқроқ сезган. Ушбу шаҳарда ер қимирлаши кучи 4 баллни ташкил этган. Тошкент вилоятида 3 балл, Сирдарёда эса 2-3 баллга тенг зилзила кузатилган.

Фото: Google Images

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни яна бир бор огоҳлантирди

Миграция агентлиги Россияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларини яна бир бор огоҳлантирди. Агентлик мигрантлардан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраган. Бундай ҳолатлар Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, уч йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига сабаб бўлиши мумкинлигини эслатган.

Москвадан Бухорога учган самолёт Навоийга фавқулодда қўнди

«Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москвадан Бухорога учган йўловчи самолёти ноқулай об-ҳаво, яъни қуюқ туман туфайли йўналишни ўзгартириб, Бухорога эмас, Навоий халқаро аэропортига фавқулодда қўндирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда иш берувчи маош кечиктирилган ҳар бир кун учун ходимга компенсация тўлайди

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилгани учун ходим олдида ушбу кодексга киритилган 333-моддага кўра моддий жавобгар бўлади. Яъни, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Унинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.

Иш берувчи ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар уни тўлашга мажбур бўлади.

Тошкент вилоятида Lacetti’ни олиб қочган 16 ёшли йигит пойтахтда ушланди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги чойхоналардан бирининг олдидан ўғирлаб кетилган қора Lacetti Тошкент шаҳри Чилонзор туманида ушланди. Маълум бўлишича, машинани ўғирлаган шахс Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган 2006 йилда туғилган йигит бўлган. Гумондор Оҳангарон шаҳар ички ишлар бўлимига топширилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Сенат сайтини 14 ёшли болалар бузмагани маълум қилинди

Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти 2 ноябрь куни хакерлар ҳужумига учраган эди. Кейинроқ ҳужумни 14 ёшли болалардан тузилган Marsh Golden номли 6 кишилик гуруҳ содир этгани маълум бўлди. Бугун эса 14 ёшли болаларнинг бу ишга умуман алоқаси йўқлиги айтилди. Қайд этилишича, сайтини бузиб кирган шахс Наманган вилояти Норин туманида туғилган. У 28 октябрь куни сайтдаги заифликлар ҳақида огоҳлантириш юборганини, бироқ бунга ҳеч қандай реакция билдирилмаганини айтган. Қилган ишини эса жиноят эмас деб ўйлаганини тан олган.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент вилоятида маст ота ўғлини пичоқлади

Тошкент вилояти Пискент туманида маст ота аёли билан жанжаллашиб, орага қўшилган 20 ёшли ўғлини пичоқлаб қўйди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Судда жабрланувчи отасининг ҳаддан зиёд ичгани учун бу ишни содир этгани ва уни кечирганини маълум қилган. Отаси эса ишидан пушаймон эканлигини тан олган.

Фото: «Bugun.uz»

Пора олган ҳоким ушланди

Фермер хўжалиги раҳбаридан фирибгарлик йўли билан 100 миллион сўм пора олгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокими қамоққа олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 25, 211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Фото: ЎзА

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентда 5 декабрь куни қанча одам метродан фойдалангани маълум бўлди
Янгиликлар12:06 | 6.12.22
Тошкентда 5 декабрь куни қанча одам метродан фойдалангани маълум бўлди
Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Янгиликлар11:32 | 6.12.22
Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Янгиликлар11:09 | 6.12.22
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради
Янгиликлар10:40 | 6.12.22
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради
Самарқандда ўқувчи қизнинг кўзи жароҳатланиши ортидан мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинди
Янгиликлар10:07 | 6.12.22
Самарқандда ўқувчи қизнинг кўзи жароҳатланиши ортидан мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинди
Фарғонада профилактика инспектори ўзини отиб қўйди
Янгиликлар9:30 | 6.12.22
Фарғонада профилактика инспектори ўзини отиб қўйди