Ҳафталик дайжест. Бузиб кирилган Сенат сайти, Андижон ҳокими билан суҳбатда «шукроналик ҳисси» билан гапириши сўралган ўқувчилар, мактаб ўқувчисини калтаклаган депутат

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

Тошкентда самосуд — ижтимоий тармоқ орқали гиёҳванд модда сотган йигит калтакланди

31 октябрь. Тошкент шаҳри Миробод туманида 2001, 2003 ва 2005 йилларда туғилган шахслар Telegram-бот орқали гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғулланган 2003 йилда туғилган кишини Миробод туманида учрашиш учун чақиришган ва уни Бўстонлиқ туманига олиб боришган. Уриб тан жароҳати етказишган ва кийимсиз ҳолга келтириб устидан яшил дори сепишган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми (одам ўғирлаш) ва 105-моддаси 2-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушди

1 ноябрь. Ҳиндистонда қайта очилганига тўрт кун бўлган кўприк 30 октябрь куни қулагани ҳақида ёзган Ўзбекистон ОАВлари орадан 2 кун ўтиб Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушгани ҳақида хабар берди. Маълум қилинишича, 31 октябрь куни Бухоро шаҳар Дўстлик маҳалласи, Турди Фароғий кўчасидаги қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бино том қисмига меъёрдан ортиқ юк ортилгани оқибатида регил плиталари қулаган. Объектда ишлаётган Жондор туманида яшовчи 49 ёшли фуқаро жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.

Самарқанддаги қамоқхонада аҳволи ёмонлашган эркак шифохонада вафот этди

1 ноябрь. Самарқандда фарзандларига алимент тўламагани учун 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эркак вафот этди. Қайд этилишича, Оқдарё туманида яшаган фуқаро Б.Р. Паяриқ тумани судининг 2021 йил 3 февралдаги суд буйруғига асосан 2 нафар фарзанди вояга етгунигача алимент тўлаши белгиланган бўлсада, 2021 йил февраль ойидан 2022 йил октябрь ойига қадар 23 миллион 499 минг сўм алимент пулларини тўламасдан келганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг қарори билан унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 25 октябрь куни уни маъмурий қамоқ жазоси тайинланганларни сақлаш учун мўъжалланган махсус қабулхонага олиб боришганда, тутқаноғи тутиб йиқилиши оқибатида қабулхона ичидаги девор қиррасига бошини уриб олган ва жароҳатланган.

Фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган. Махсус қабулхонага қайтариб олиб келингандан сўнг ҳам ўзига-ўзи гапириб, руҳий ҳолатида бузилиш кузатилган. Шундан сўнг қабулхона бошлиғининг хатига асосан вилоят руҳий касалликлар шифохонасига юборилган. Б.Р. 28 октябрь куни Ургут туманидаги вилоят руҳий касалликлар шифохонасида вафот этган.

Ўзбекистонда онлайн тўловлар қабул қилиш тўхтатилди

Ўзбекистонда 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн назорат-касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга кирди. Шунингдек, Payme тўлов тизими Ўзбекистонда чакана савдо соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани муносабати билан тўлов хизматларини жойида, QR-код орқали, Telegram каналларида амалга ошириш вақтинча ўчириб қўйгани маълум қилинган. Бу бўйича Давлат солиқ қўмитаси ҳам муносабат билдирган. «Bugun.uz» эса ушбу янгиликка нисбатан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муносабатини жамлади. Кечроқ, QR-кодли тўловлар, Payme-Go ва бошқа онлайн тўловлар фаолияти қайта тиклангани маълум қилинган.

Музработ тумани собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

2 ноябрь.Сурхондарё вилояти Музработ туманининг 2022 йил сентябрь ойида лавозимидан озод қилинган собиқ ҳокими Эркин Алимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Маълум қилинишича у тумандаги 1,7 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошлари номига расмийлаштириб берган.

Фото: Музработ тумани ҳокимлиги

Шунингдек, унинг қариндошларига тумандаги банклар томонидан 166 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги муаммоли кредитга айланган. Ҳозирда банк муассасалари томонидан ўз вақтида ундирилмаган 121 миллиард 406 миллион сўм кредит маблағларини ундириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари собиқ ҳоким 2010-2017 йилларда раҳбарлик қилган «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖ тафтиш қилинганда 35 миллиард сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилингани аниқланган. Бу бўйича АЖнинг 20 дан ортиқ масъуллари тергов қилинганда, улар Алимовга нисбатан кўрсатма берган.

Тошкентни яна сув босди

Ўзбекистонда 2 ноябрь куни кузатилаётган ёмғир оқибатида турли ҳудудларда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар яна кўзга ташланиб қола бошлади. Хусусан, Тошкентда ёмғирдан сўнг аксар йўлларни сув босди. Шаҳар ҳокимлиги бунга аҳолининг чиқиндиларни белгиланган жойларга эмас, сув йўллари, ариқ ва дренаж тизимларига ташлаб кетиши сабаб бўлганини айтди.

Шунингдек, ёмғирдан кейин мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам дарё ва сойлар ўзанларининг тўлиб оқиши, айрим ҳудудларда сув тошқинлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади.

«Киберхавфсизлик марказига саломлар» ёхуд Сенат сайти «ҳужум»га учради

2 ноябрь. Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти «Marsh Golden» хакер(лар)и томонидан бузиб кирилди. Сайт киберҳужумга учраб, бузиб кирилгандан сўнг, фақатгина «Киберхавфсизлик марказига саломлар» ҳамда «Тизимингиз ‘Marsh Golden’ томонидан бузилди» ёзуви қолдирилган. Шунингдек, «Marsh Golden» Telegram’даги саҳифасида бу ишни давлат ёки Сенат сайтининг устидан кулиш учун эмас, тизимдаги заифликни кўрсатиб бериш мақсадида қилганини ёзган. Сенат сайти ишламай қолгач, унинг суб-домени ишга туширилган.

«My5» телеканалининг «Markaziy studiya» кўрсатувида 4 ноябрь куни сайтни бузганлар 14 ёшли болалар экани, уларнинг жамоаси 6 кишидан иборат бўлиб, агарда имконият берилса, давлат сайтларидаги заифликларни аниқлашда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари маълум қилинди.

Бироқ, кейинроқ, 5 ноябрь куни 14 ёшли болаларнинг бу ишга умуман алоқаси йўқлиги айтилди. Қайд этилишича, сайтини бузиб кирган шахс Наманган вилояти Норин туманида туғилган. У 28 октябрь куни сайтдаги заифликлар ҳақида огоҳлантириш юборганини, бироқ бунга ҳеч қандай реакция билдирилмаганини айтган. Қилган ишини эса жиноят эмас деб ўйлаганини тан олган.

«Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади» — Сардор Умурзоқов

2 ноябрь. Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида 2022 йилнинг 2 ноябрь куни халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги мактаблардан бирида ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс берилаётгани танқид остига олинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, тумандаги оддий мактаблардан бирини ихтисослаштирилган мактабга айлантириш жараёнида бунга масъул бўлган шахслар вазифасига совуққонлик билан ёндашган. Вилоят ҳокимлиги томонидан янги мактаб очиш таклиф қилинган. Халқ таълими вазирлиги эса тегишли бино ва жиҳозлар билан таъминланганидан сўнг мактаб очилишига рухсат берган.

Фото: «Bugun.uz»

Вилоят ҳокими Тўра Боболов ва туман ҳокими Бахтиёр Худойберганов бундан хабари бўлмаганини тан олган. Худойберганов бу ташаббус «ўзбошимчалик билан» ҳоким ўринбосари ва туман халқ таълим бўлими мудири томонидан амалга оширилганини айтган. Туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълим бўлими мудири ишдан олинган. Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилган.

«Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини», — дея таъкидлаган Сардор Умурзоқов.

Ўзбекистон бўйлаб Telegram’да узилишлар кузатилди

Ўзбекистон бўйлаб, 2 ноябрь куни соат 19:10 лар атрофида Telegram фаолиятида оммавий узилишлар кузатилди. Telegram қўллаб-қувватлаш маркази эса узилиш Telegram’нинг ўзидан кузатилмаганини, жамоа алоқани тиклашга ҳаракат қилаётганини маълум қилган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда мессенжер Ўзбекистонда блоклангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу хабарларга муносабат билдирди.

«Telegram мессенжери уланишидаги баъзи фойдаланувчилардаги муаммолар туфайли, у Ўзбекистонда блокланди, деб хавотирланишга ўрин йўқ», — дейилади хабарда.

Андижонда ўқувчиларга ҳоким билан учрашганда «шукроналик» билан гапириш тайинланди

Андижонда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов суҳбатлашиш учун келаётгани муносабати билан Жалақудуқ туманидаги мактаблардан бирида ўқувчиларга ҳоким билан суҳбатда шукроналик билан жавоб бериш, электр ва газ каби оилавий муаммоларидан сўз очмаслик, кўзлари ёниб, кулиб туришлари кераклиги таъкидланди.

Фото: Telegram
Фото: Telegram

Уларга Telegram орқали берилган «тавсия»да ҳоким Андижон вилоятидаги барча мактаб ўқувчиларининг отаси эканлиги, шунинг учун у билан суҳбатда қўрқмай, уялмай кенг қамровли жавоб бериш сўралган.

Бунга нисбатан Халқ таълими вазирлиги муносабат билдириб, масъулларни бундай аҳмоқона топшириқлар беришни тўхтатишга чақирган.

Вилоят ҳокимлиги вазирликнинг ушбу муносабатига раддия билдириб, «ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиши режалаштирилмаганини маълум қилган.

Бухорода 20 нафардан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган 20 ёшли аёл уч йилга қамалди

3 ноябрь. Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2002 йилда туғилган аёл 20 нафардан ортиқ эркакка ОИТС юқтирди. Маълум қилинишича, у оиласи билан келишмовчилик сабаб уйидан чиқиб кетган ва тумандаги тунги клублардан бирида официант бўлиб ишлаган. Иш билан бир вақтда тунги вақтларда фоҳишалик билан ҳам шуғулланган. Соғлиғи ёмонлашгач, генекологга мурожаат қилганида ОИТСга чалингани маълум бўлган. Шунга қарамай, аёл касалини яшириб, фоҳишалик қилишда давом этган ва оқибатда 20 нафар эркакка ОИТС юқтирган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Тошкент вилоятида прокурор ёрдамчиси 1,5 минг доллар пора билан ушланди

3 ноябрь. Пискент тумани прокурорининг ўринбосари судда кўрилаётган жиноят иши юзасидан судланувчига енгилроқ жазо тайинланишини ваъда қилиб, эвазига 1,5 минг доллар олган вақтда ушланди.

Ҳолат юзасидан 2 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28, 211 (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистонда спорт соҳаси талабалари учун янги стипендия жорий қилинди

Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда спорт соҳасида таҳсил олаётган талабаларни рағбатлантириш мақсадида Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий қилингани ҳақида маълумот берилди.

Тошкентда уч киши фуқарони уйига кириб дўппослади

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 2 ноябрь куни уч киши фуқаронинг уйига бостириб кириб, уни дўппослади. Маълум қилинишича, 1993 йилда туғилган фуқаро бувисидан мерос қолган уйга келганда тахминан соат 20:30 ларда 2000 йилда туғилган таниши билан телефонда жанжаллашиб қолган. Оқибатда 2000 йилда туғилган шахс 1999 ва 2005 йилда туғилган шерикларини билан жабрланувчининг уйига бостириб кириб, уни дўппослаган ва бу жараённи тасвирга тушириб, Telegram’даги саҳифасига жойлаштирган. Жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифокорга мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистонда 15 ёшга тўлмаганларга ҳам ишлаш ҳуқуқи берилди

4 ноябрь. Меҳнат кодексининг янги таҳририга мувофиқ, 15 ёшга тўлмаганлар билан меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилади. Унга кўра, 15 ёшга тўлмаган шахслар билан ота-оналарнинг розилиги бўйича меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Бунда вояга етмаган ходим номидан меҳнат шартномаси унинг ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи вакил томонидан имзоланиши керак бўлади.

Тошкентда адвокат 5 минг доллар пора билан қўлга олинди

4 ноябрь. Тошкент шаҳрида адвокатлик фирмаси адвокати ўз ҳимоясида бўлган шахсдан жиноий жавобгарликка тортмаслик масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 5000 доллар пора олаётган вақтда ушланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Кадр: Видео

Москвадан Бухорога учган самолёт Навоийга фавқулодда қўнди

5 ноябрь. «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москвадан Бухорога учган йўловчи самолёти ноқулай об-ҳаво, яъни қуюқ туман туфайли йўналишни ўзгартириб, Бухорога эмас, Навоий халқаро аэропортига фавқулодда қўндирилди.

Пора олган ҳоким ушланди

Фермер хўжалиги раҳбаридан фирибгарлик йўли билан 100 миллион сўм пора олгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокими қамоққа олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 25, 211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Фото: ЎзА

Қашқадарёлик депутат қизи билан «гаплашиб юрган» 9-синф ўқувчисини калтаклади

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Халқ депутатлар Қамаши туман кенгаши депутати 2022 йилнинг 3 ноябридан 4 ноябрига ўтар кечаси қизи билан ишқий муносабатда бўлиб юрган 9 синф ўқувчсини қизининг ётоқхонасида ушлаб олгач, ўғли билан биргаликда болани калтаклади. Оқибатда у бир нечта тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилган.

Шундан сўнг, депутат воқеани аниқлаштириш ва қўшимча маълумот олиш мақсадида мурожаат қилган журналистга ҳам қўполлик қилиб, ножоиз сўзлар билан ҳақорат қилган.

2022 йилнинг 5 ноябрь куни Қамаши туманида «ЎзЛиДеП» туман кенгаши ҳамда Халқ депутатлари туман кенгашига «ЎзЛиДеП»дан сайланган депутатларнинг партия гуруҳи қўшма мажлисида у ваколатидан маҳрум қилинган.

Якунига етган ҳафтада жаҳонда нималар содир бўлди?

Бразилиядаги президентлик сайловларида мамлакатнинг амалдаги раҳбари ютқазиб қўйди

Бразилияни 2003-2010 йилларда бошқариб, коррупцияда айблангач, 12 йилга қамалган Лула да Силва навбатдаги президентлик сайловларда мамлакатнинг амалдаги раҳбарини мағлуб этди. Маълум қилинишича, сайловда овоз берувчиларнинг 80 фоизи қатнашган ва Лула да Силва рақибини қарийб 2 миллион овозга ортда қолдирган.

Эрон яқин 48 соатда Саудия Арабистонига ҳужум қилиши мумкинлиги айтилди

Саудия Арабистони разведка хизмати Эрон яқин 48 соат ичида Саудиядаги нишонларга зарба беришга тайёрланаётганини маълум қилди. Бунга жавобан АҚШ ва Саудиянинг Яқин Шарқдаги кучлари юқори шайлик ҳолатига келтирилган. АҚШ эса агарда бу содир бўлса жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирган. Эрондаги бир қанча масжидларда гумбаз тепасига қасос рамзи бўлган қизил байроқлар илинган. Охирги марта бундай байроқлар эронлик генерал Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганда кўтарилганди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 3 ноябрь куни мамлакатнинг Саудия Арабистонига ҳужум қилиши ҳақидаги даъволарни рад этди.

Россия «дон келишуви»га қайтганини эълон қилди

Россия 29 октябрь куни Украина билан июль ойида тузилган «дон келишуви»дан чиққанини эълон қилганди. Орадан тўрт кун ўтиб, Мудофаа вазирлиги берган баёнотда мамлакат ушбу сулҳга қайтганини ва Қора Денгизда дон ортилган кемалар ҳаракати давом этишини маълум қилди. Тўрт кун аввал Россиянинг бу келишувдан чиқишига «Севастополдаги «дон йўлаги»да хизмат қилаётган кемаларнинг ўққа тутилиши» сабаб қилиб кўрсатилганди.

Шимолий Корея Япония томон қитъалараро баллистик ракета учирди

Шимолий Корея Пхенян яқинидаги Сунан ҳудудидан 3 ноябрь куни тахминан соат 07:40 да қитъалараро баллистик ракета учирди. Ракета 760 километр масофани босиб ўтган ва парвознинг максимал баландлиги 1920 километрни ташкил этган. Ракета Япон денгизига қулаб тушган.

Япония расмийлари дастлаб ракета мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтганини айтган, бироқ кейинроқ бу содир бўлмаганига аниқлик киритган.

Бу мамлакатнинг 2022 йилда учирган еттинчи, май ойи охиридан бери биринчиси қитъалараро баллистик ракетаси бўлган. Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар маълумотларига кўра, Шимолий Корея бу йил бир нечта муваффақиятсиз ИCБМ синовларини ўтказган.

Шунингдек, Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея 3 ноябрь куни эрталаб соат 08:39 да Жанубий Пхёнан вилоятидаги Кечеондан иккита қисқа масофага учувчи баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган. Улар тахминан 70 километр баландликка кўтарилган ва парвоз масофаси эса 330 километрни ташкил этган.

2 ноябрь куни Шимолий Корея 20 га яқин ракета, жумладан, баллистик ракеталар ва 100 га яқин артиллерия снарядларини учирган. Расмий Сеулга кўра, Шимолий Корея 70 йил ичида биринчи марта Жанубий Кореянинг денгиз чегараси орқали ракета учирган.

Оч қолган рус аскарлари ҳайвонот боғи жониворларини егани айтилди

Украинанинг Донецк вилоятидаги Ямполь ҳайвонот боғида сақланаётган ҳайвонлар оч қолган россиялик аскарлар томонидан еб юборилгани айтилмоқда. Ҳудуд Россия назоратидан қайтариб олинганда мамлакат ҳарбийлари ҳайвонот боғидаги иккита туя, кенгуру, бизон, бир нечта чўчқаларини егани, қушлар ва бўриларни эса ўлдириб юборгани маълум бўлди. Улар ейишга улгурмаган ҳайвонлар эса Днепр шаҳрига олиб бориб парваришланаётгани маълум қилинган.

Германия канцлери Хитойга борди

Германия канцлери Олаф Шольц 4 ноябрь куни бир кунлик ташриф билан Хитойга борди. Маълум қилинишича, Германиянинг бир қанча йирик бизнес раҳбарлари билан сафар қилган Шольц Пекин марказидаги Халқ мажлислари залида яқинда ҳукмрон Коммунистик партия раҳбари этиб қайта тайинланган Си Цзиньпин томонидан расмий кутиб олинган.

Фото: Telegraph

Олаф Шольцнинг яқинда учинчи беш йиллик муддатга партия раҳбарлигига сайланган 69 ёшли Си Цзиньпин билан учрашиши турли қарама-қарши фикрларни келтириб чиқармоқда.

Ташриф, шунингдек, Тайвань билан боғлиқ кескинлик кучайиб бораётган ва БМТ ҳисоботига кўра, Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник гуруҳларга нисбатан инсон ҳуқуқларини бузиши «инсониятга қарши жиноят» сифатида кўрилаётган пайтда амалга оширилди.

Маълумот учун, Олаф Шольц 2019 йилда коронавирус пандемияси бошлангандан бери Хитой раҳбари билан учрашган илк катта еттиликка кирувчи давлат раҳбари бўлди. Германия расмийлари бу ташриф Хитойнинг «қаерга қараб кетаётгани» ва ҳамкорликнинг қандай шакллари эҳтимоллилигини ўрганиш учун амалга оширилганини айтмоқда.

Шунингдек, бу ташриф Хитойни Россия иттифоқчиси сифатида Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериш ва ядровий риторикасини юмшатиш учун Москвага «босим ўтказиш»га кўндириш мақсадида бўлгани талқин қилнмоқда.

Деҳлида ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бошланғич мактаблар ёпилди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб кетиши оқибатида шанба, 5 ноябрдан бошлаб бошланғич мактаблар ёпилди, юқори синфлар учун очиқ ҳавода ўтиладиган дарслар бекор қилинди.

4 ноябрь куни ҳаво сифати индекси (AQI) пойтахт ҳудудининг аксарият туманларида 400 дан юқори бўлганлиги сабабли «оғир» ёки «хавфли» тоифага баҳоланиб, Деҳли раҳбари Арвинд Кежривал мактабларда вазиятни қўлга қолишни буюрди ва йўлларда автомобиллар сонини чеклаш бўйича чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.

Пайшанба куни Ноида шаҳар маҳаллий ҳокимияти барча мактабларга саккизинчи синфгача бўлган ўқувчилар учун дарсларни онлайн шаклга ўтказишга буйруқ берган.

Баъзи мактабларни ёпиш тўғрисидаги қарор ота-оналар ва ижтимоий тармоқдаги экофаолларнинг хавотирларидан, шунингдек, аҳоли нафас олишдаги қийинчиликлар, томоқ, бурун ва кўзларнинг ачишишидан шикоят қилганидан сўнг жорий қилинган.

Федерал ҳукумат AQI кўрсаткичи бўйича ҳавонинг ифлосланиши 400 дан кўтарилганда соғлом одамлар ҳам бундан зарарланиши, ёндош касаллиги борлар учун эса бу янада каттароқ хавф бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Швейцариянинг IQAir гуруҳи томонидан тузилган маълумотларга кўра, Нью-Деҳли сўнгги тўрт йил ичида дунёнинг энг ифлосланган пойтахти бўлиб келмоқда.

Google Trends маълумотларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида шаҳар аҳолиси тоза ҳаводан нафас олиш йўлларини излаётгани сабабли тизим орқали «ҳаво тозалагичлар» сўзи бўйича берилган қидирувлар сони ошган.

Ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Янги ҳафтада фақат яхши янгиликлар ҳамроҳингиз бўлсин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Янгиликлар10:14 | 4.12.22
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди